АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Памела Спратлен «Америка овози» телерадиоси мухбири билан суҳбатда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида олиб борилаётган ислоҳотлар тўғрисида фикр юритди.

Мухбир Спратлен хонимдан Ўзбекистондаги ислоҳотлар ортида президентнинг ўзигина тургани, бу ўзгаришлар систематик эмаслиги ҳақидаги қарашларга муносабатини сўраган.

«Бунга эътибор бераяпмиз ва кузатаяпмиз. Ҳозиргача ўзгаришлар ортида унинг ўзи турибди, бунга шубҳа йўқ. Мирзиёев шу қадар тез ва талабчанки, у билан ёнма-ён кетиш қийин. Унинг ташаббусларини қувватловчилар ҳақиқатда қанча? Унинг келажак ҳақидаги гапларини қанчалик тушунишмоқда? Мирзиёевда тезлик кучли. Шундай экан, муҳлат ҳақида гапириш менга қийин», деган Спратлен хоним.

Элчи Ўзбекистон президенти кучли босим остида ишлаётганини тасдиқлаган.

«Тўғри, босим кучли. Ўзгариш қилиш керак. Бу имконият аслида. Имкониятлардан фойдаланиб қолиш керак, чунки уларнинг муддати бор. Аҳолининг тоқати қанчалик? Буни билмайман. Президентга қараб, у ўзига муҳлат бергани аниқ, дейсиз. Айримлар фикрича, 2-3 йил. Қани, кўрамиз. Аммо, хулосангизга қўшиламан, Президент нимага қодирлигини исботлаши керак деган босим бор. Буни у ўзига ўзи бераётган бўлиши ҳам мумкин», деган у.

Америка элчиси Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ислоҳотлар бошланган, бироқ ҳали қилинадиган ишлар талайлигини қайд этиб ўтган.

«Ҳукумат Ўзбекистондаги ўзгаришларни тан олишимизни хоҳлайди. Президент Мирзиёев бошқараётган Ўзбекистон олдинги Ўзбекистон эмас – у шуни тан олишимизни истайди.

Мирзиёев Америка сиёсий доиралари унга ислоҳотчи деб қарашини истайди. У кўтараётган масалалар, нутқларида аҳамият қаратаётган мавзулар - мисли кўрилмаган чиқишлар.

Унинг тўрт соатлик мурожаатида мен йўқ эдим, лекин Конституция кунидаги нутқини тинглашга бордим. Қийноқларга қарши гапирди. Бу тарихий ўзгариш. Бу ислоҳот. Қора рўйхатлар бекор қилиниши, одамлар ундан чиқарилиши — ислоҳот.

Мирзиёев у қилаётган ишлар тўғри баҳоланишини истайди. У бошлаётган ислоҳотлар тан олиниб, қувватланишини истайди. У биладики, Ўзбекистон узоқ давр салбий баҳоланган. Халқ ҳукуматдан узоқ эди, шуни ўзгартирмоқчи. У ислоҳотчи сифатида майдонга чиқмоқда.

Президент Мирзиёев АҚШнинг иқтисодий жиҳатдан фаол бўлишини хоҳлайди, айниқса, савдо бобида. Бизнинг гапимиз шуки, Ўзбекистонда шароит яхшиланган сари сармоячилар ҳам кўпаяверади. Бизнесларимиз ўзи боради. 

Ўзбекистон бунинг учун нима қилиши кераклиги муҳокамада. Бизнинг инвесторларимизни қандай жалб қилиши мумкин? Шу ҳақда гаплашаяпмиз. Америка-Ўзбекистон Тижорат Палатасининг Нью-Йоркдаги йиғинида, ўтган сентябрда, қизиқиш катта экани сезилди. Мана шу қизиқиш энди амалда қандай акс этади? Шунинг устида ишлаш керак.

Кўп нарса Ўзбекистонга боғлиқ. Валюта борасида қилинадиган ишлар кўп. Қонун устуворлигини таъминлаш масаласида ҳам муаммолар талай. Мамлакатдаги меҳнат кучи юзасидан ҳам саволлар кўп. Сармоячилар талабига жавоб бера оладиган меҳнат кучи борми? Ҳажми ва уқуви қандай?

Президент тўғридан-тўғри сармоя келишини истайди. Биз билан яқин иқтисодий ҳамкор бўлишни хоҳлайди.

Бундан ташқари у минтақа хавфсизлиги борасида ҳам етакчи рол ўйнамоқчи. Ўзбекистоннинг Афғонистон юзасиган ҳамкорлик қилиб келаётганини қадрлаймиз. Янги стратегия эълон қилинди. Мирзиёев уни қувватламоқда. У халқаро ҳамжамият билан яқин бўлмоқчи, АҚШ билан ўзаро манфаатлар йўлида бирга ишлаб, ҳамкорлик қилмоқчи. Бизнинг ишимиз — мана шу манфаатларни аниқлаб, бош қотириш ва самарали қадамлар ташлаш», деган элчи.