Жанубий Американинг учта давлати – Перу, Боливия ва Аргентина ҳудудлари бўйлаб ўтаётган 2018 йилги “Дакар” раллисининг ярмига келиб, иштирокчиларнинг 25 фоизи пойгани тарк этишга мажбур бўлдилар.

Раллининг твиттердаги саҳифасида маълум қилинишича, пойганинг илк 6 босқичидан кейин уни 29 мотоциклчи, 8 квадрациклчи, 31 та йўлтанламаслар экипажи ва 14 та юк машиналари экипажи тарк этди.

Раллидан Себастьян Леб ва Сергей Карякин каби фаворитлар ҳамда “Челси”нинг собиқ мураббийи, “Дакар”да биринчи бор иштирок этган Андре-Вилаш Боаш чиқиб кетдилар.

7-босқич 13 январда бошланди. Пойгачилар Ла Пасдан Уюнига қараб йўл олдилар. Трасса узунлиги 727 км.ни ташкил қилади.