14 январь куни Сурхондарё вилоятининг Денов шаҳридаги марказий ўйингоҳда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан катта қозонда ош тайёрлаш тадбири бўлиб ўтди. Паловни сузиш жараёнига 76 минг киши ташриф буюрди. Тайёр бўлган миллий таом тумандаги 106 маҳалла, мурувват уйи, ҳарбий қисмлар ва туман шифохонасидаги беморларга тарқатилди.

KUN.UZ таҳририятига етказилган хабарда ошнинг масаллиғига қанча миқдордаги маҳсулот кетгани ҳақидаги маълумотлар тақдим этилди:

  • Гуруч - 2200 кг;
  • Гўшт - 2 тонна;
  • Сабзи - 2600 кг;
  • Ёғ: думба - 250 кг, зиғир - 250 кг, пахта ёғи - 250 кг, кунгабоқар ёғи - 100 л;
  • Нўхат - 240 кг;
  • Пиёз - 200 кг;
  • Майиз - 100 кг;
  • Зира - 5 кг;
  • Мурч - 5 кг;
  • Зарчава - 2 кг;
  • Сув - 500 литр;
  • Туз - 110 кг;

Жами ишлатилган масаллиқларнинг миқдори 8900 кг бўлган. Бироқ тайёр бўлган палов тарозида тортилмаган.

Қайд этиш жоизки, 7 сентябрь куни Тошкентда тайёрланган 7360 килолик ош Гиннеснинг Рекордлар китобидан жой олган эди. Ўшанда паловни тайёрлаш учун 1500 кг мол гўшти, 400 кг қўй гўшти, 220 кг думба ва энг асосийси, 1900 кг гуруч, 2700 кг сабзи, 220 кг пиёз, 440 литр ўсимлик ёғи, 57 кг туз ҳам солинган. Буларнинг барчасига 100 кг нўхат, 190 кг майиз, 5 кг зира, 2 кг янчилган қалампир, 1 кг зарчава ва 350 литр сув қўшилган эди.