АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Памела Спратлен «Америка овози» телерадиосига берган интервьюсида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловни президент жамоасидаги муҳим кишилардан бири сифатида санади.

Мухбир элчидан Мирзиёевнинг атрофидаги одамларни қандай баҳолаши, унинг жамоаси қанчалик кучли экани ҳақидаги фикрларини сўраган.

«Анъанавий команда ва унда эски даврдан қолганлар бўлса-да, муҳим одамлар бор. Уларнинг борлигидан миннатдормиз. Ташқи ишлар вазири, масалан. Ўзбекистоннинг қўшнилари ва Афғонистон билан бугунги очиқ ва дўстона сиёсатда унинг хизмати катта.

Шундай. Тажриба ва малаканинг аҳамияти катта. Шу билан бирга янги овозлар ва чеҳралар ҳам бор. Сармоя қўмитасида, хусусан, ёш раисни кўрасиз. Собиқ меҳнат вазири ҳозир туризм соҳасини бошқармоқда. Янги одамлар кўп. Уларнинг ғоялари қувватланиши муҳим. Сенатор Содиқ Сафоевдек маслаҳатчилар бор, уларнинг ёрдами ҳам муҳим. Лекин, бизга ҳам қизиқ: хўш, бу команда қанчалик катта ва Президент кимларга таянмоқда? Қувватлов қанчалик ишончли? Президент бераётган ваъдалар амалга ошиши учун у атрофидагиларга суяна олиши керак.

Ўзбекистонга қайтиш арафасидаман. Ўзгаришлар тўхтамайдиган кўринади ва улар давом этиши учун Ўзбекистон халқига ва раҳбариятига куч ва матонат тилайман. Биз Ўзбекистон билан яқиндан ҳамкорлик қилишни хоҳлаймиз, бу аниқ», дея элчининг сўзларини келтирган ЎзА.

Элчи шунингдек, Шавкат Мирзиёевнинг АҚШ президенти билан учрашуви эҳимоли ҳақидаги саволга жавоб берган.

«Шундай катта умид бор ва ҳар қандай элчи давлатларнинг раҳбарлари учрашишини хоҳлайди. Энг олий даражадаги учрашув бўлса, мен элчи сифатида жон дейман. Ўтган ойда Президентлар телефонда гаплашди. Самарали мулоқот, ижобий. Кейинги қадамлар устида ҳаракат кетмоқда. Вашингтонга ташриф, албатта, энг ажойиб воқеа бўлади», деган у.