Бугунги кунда KUN.UZ сайтининг Телеграм мессенжеридаги расмий канали (@kunuzofficial) аъзолари сони 215 мингдан ошган.

Айни вақтда Телеграмда KUN.UZ сайтининг бир нечта сохта каналлари пайдо бўлган. Бундай каналлар KUN.UZ номи ва логотипидан ноқонуний фойдаланишмоқда ва нобоп маълумотлар тарқатишмоқда. 

Ваҳоланки, Kun.uz номи ва логотипи патентланган ҳамда бошқаларнинг бундан берухсат фойдаланиши қонун бузилиш ҳолати ҳисобланади.

«Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида»ги қонунининг 26-моддасига кўра, товар белгисини ёки шу белги билан белгиланган товарни рухсат берилмаган тарзда қўллаш ёхуд улар билан адаштириб юборадиган даражада айнан ўхшаш бўлган бир хилдаги товарларни белгилаш товар белгисига доир мутлақ ҳуқуқни бузиш деб эътироф этилади.

Мана шу қоидани бузган шахсларни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 177-моддаси билан жавобгарликка тортиш мумкин. Шунга кўра, Kun.uz сайтининг номи ва логотипидан ноқонуний фойдаланиб, сохта канал ташкил қилган шахслар ҳақида тегишли органларга маълумот берилди, ҳозирда ушбу канал маъмурларини аниқлаш чоралари кўрилмоқда.

Фуқаролик кодексининг 1107-моддасига биноан, товар белгисидан қонунга хилоф равишда фойдаланаётган шахс қоидабузарликни тўхтатиши ва товар белгисининг эгасига етказилган зарарни тўлаши шартлигини инобатга олиб, ноқонуний ташкил қилинган Kun.uz сайтининг сохта каналлари фаолиятини ўз хоҳишлари билан тўхтатишларини сўралади. Бу қарор суд ёки бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар орқали бу ишни қилгандан яхшироқ.

Шунингдек, обуначиларимиздан бундай каналларга аъзо бўлмасликни ва сохта каналлар аниқланганда бизга - info@kun.uz манзили орқали хабар беришни сўраймиз.

Расмий каналимиз:
https://t.me/kunuzofficial

Ўқувчиларга эса қуйидаги Телеграм каналларига кириб, сохта Kun.uz каналларини спам қилиш тавсия этилади.

Сохта каналлар: 

https://t.me/UzbekNews

https://t.me/Kunuz

https://t.me/kunuznews

https://t.me/KunUzNews24