Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларидаги сайёҳлик объектлари QR-кодлар билан таъминланмоқда. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг матбуот хизмати шу ҳақида хабар берди.  

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси маданий мерос объектлари ва давлат музейларида смарт-технологиялар концепциясини жорий қилиш мақсадида АТ-компаниялари билан фаол ҳамкорлик қилмоқда. 

VERUM QR лойиҳаси доирасида Самарқанд ва Шаҳрисабз сайёҳлик саноатининг тарихий обидалари, меҳмонхоналари, ресторан ва бошқа объектлари QR-кодлар билан таъминланди. 

Тест режимининг биринчи босқичида QR-кодлар Қашқадарёнинг фақат Шаҳрисабз шаҳрида ўрнатилди. 1 апрелга қадар вилоятнинг барча туристик объектларида шундай кодларни ўрнатиш режалаштирилган. 

Бундан аввал Хивадаги аксарият тарихий обидалар, шунингдек Бухоронинг 50 га яқин объекти QR-код билан жиҳозланган эди. 

Таъкидлаш жоизки, бу кодлар сайёҳаларга бир неча сония ичида смартфонларда тарихий объект ҳақида маълумот олиш, шунингдек яқин орада жойлашган меҳмонхоналар, ресторанлар ва бошқа масканлар ҳақида хабар топиш имконини беради. Маълумотлар 12 тилда тақдим этилади.

VERUM QR лойиҳаси халқаро туристик бозорда Ўзбекистоннинг SMART-туризм ва IT-технологияларнаи қўллашга доир имиджини ривожлантиришга йўналтирилган.