15:16 / 17.05.2024
5483

“Катта компанияларга киришнинг яхши йўли – ўша ерда амалиёт ўташ” — Bloomberg ва Аmazon'дан таклиф олган талаба

“Тахминан 70 тача компанияга ҳужжат топширгандим, улар орасида Amazon, Bloomberg, Wayfair, Uber, Mastercard компаниялари ҳам бор эди. Охирида Bloomberg ва Amazon'дан иш таклифлари олишга муваффақ бўлдим”, – дейди Германияда магистратурада ўқиётган 23 ёшли Жавоҳир Жўрахўжаев.

Жавоҳир Жўрахўжаев Фарғона вилояти Бувайда туманида зиёли, ўртаҳол оилада туғилган. У бакалавриатни Тошкентдаги Инҳа университетида тамомлаган, ҳозирда Германиянинг Берлин шаҳридаги ESTM (European School of Management and Technology) бизнес мактабида сунъий интеллект ва дата аналитика йўналишида магистратуранинг 1-курсида ўқияпти.

Жавоҳир шу йил ёздан бошлаб Лондонда, Bloomberg'нинг Европадаги бош офисида иш бошлайди. Сентябрнинг охирида эса Amazon'га ўтади. У ушбу икки компанияга ишга киришнинг деярли барча босқичларидан ўтиб, иш таклифи олган ва эндиликда синов муддати давомида ўзини кўрсатиши керак.

Қаҳрамонимиз Kun.uz'га берган интервюсида шулар ҳақида батафсил гапириб берди.

“Ўқишга IELTS, GMAT, GRE'сиз кирганман”

— Германияда ўқиш дастурлари бор, масалан, аусбилдингга ўхшаган, унда ҳам ўқиб, ҳам ишлаш мумкин. Мен бу ерга магистратурага келганман, магистратура учун асосан тил сертификатлари ва GMAT, GRE ёки SAT каби сертификатлар сўралади. Ҳужжат топшираётган университетингизга қараб булар фарқ қилади. Мен ўқиётган олийгоҳ халқаро хусусий бизнес мактаби бўлгани учун бу ерга инглиз тилини билишим етарли бўлган.

Бундан ташқари, бошқа қабул критериялари ҳам бор: бакалаврдаги ўқиш баҳоларингиз юқори бўлиши, SAT, GMAT ёки GRE сертификатини олган бўлишингиз керак. Мен IELTS ҳам, GMAT ёки GRE ҳам топширмаганман, менинг қабул жараёним бошқачароқ ўтган. Менинг Инҳадаги ўқишларим инглиз тилида ўтилгани, инглиз тилидаги халқаро компанияларда ишлаганим учун мендан тил сертификати сўралмаган. GMAT, GRE'да қайсидир маънода номзодлар аналитика, мантиқ билимлар текширилади, бу билимларни исботлаш учун менда дата муҳандислик ва дата аналитика соҳаси бўйича 2 йилга яқин иш тажрибаси бўлган. Резюмемда шу далилларни кўрсатганман, бизнес мактаби ишхонамга алоқага чиқиб, буни тасдиқлаб олишган.

“Олийгоҳингиз ТОП рейтингга кирган бўлса, виза олишингиз эҳтимоли юқори бўлади”

— Германияга келишимдан олдин Голландиянинг Nielson компаниясида Ўзбекистонда туриб масофадан ишлаганман. Берлинга келишимдан олдин бу компания магиcтратурада ўқишимни қўллаб-қувватлашган. Кечга ўқишдан кейин бўлса ҳам ишлаб беришимни сўрашган, лекин мен ҳам жисмонан, ҳам руҳан бунга улгурмаганим сабабли ишни тўхтатганман. Умумий ҳамма жараёнлар ўтгач олийгоҳ қабул комиссияси билан бир суҳбат бўлган. Шундан кейин номзодимни кўриб чиқишган, тахминан бир ойлардан кейин қабул хати келган, сўнг визага ҳужжатларимни топширганман. Агар ўқишга кирган олийгоҳингиз ТОП рейтингга кирган бўлса, виза бериш эҳтимоли жуда юқори бўлади. Мен кирган ОТМ университет эмас, у Германиядаги бизнес мактаблар ичида ТОП 3 таликка киради. Баъзи йиллар бир ёки иккинчи ўринда туради, баъзида 3-ўринда. Интернетга Германиядаги ТОП бизнес мактаблари деб қидирувга берсангиз, менинг ўқишим чиқиб келади.

Мен ўқиётган олийгоҳ хусусий бўлгани сабабли шартнома асосида қабул қилинганман, бунда 2 йил учун жами 30 минг евро тўланади. Мен scholarship, яъни контракт тўловига грант ажратилиши учун алоҳида ҳужжатлар ҳам топширганман. Ўқишдан ташқари ташкилотлар эмас, айнан ўқишнинг ўзига топширганман, шунинг ҳисобига менга 20 фоизли грант ажратишга рози бўлишган. Бу унчалик катта миқдор эмас, чунки менинг бакалавр баҳоларим ТОП даражада бўлмаган, мен шу соҳада керакли иш тажрибасига эгалигим сабабли менга грант ажратишган. Контракт тўловининг қолган қисми учун турлича вариантлар бор.

Мен Ўзбекистонда ишлаб юрган вақтимда даромадим яхши эди, Германияга келиш учун шундан пул жамғариб борганман. Шу жамғармадам контракт тўловининг қанчадир қисмини тўладим, кейин Германияга боргач, “student loan”(талаба кредити) олдим. Бу шундай дастурки, номзод яхши бўлса, ўқишни битиргач яхши даромадли ишга кира олишини исботлай олса, унга қанчадир суммада кредит ажратишади. Мен ҳам шундан фойдаланганман, энди ўқишни битирганимдан сўнг 1,5 йилча ташкилот менинг ишга киришимни кутади, шундан сўнг менга ажратилган пулни ойлигимдан чегириб қолишади. Буни Германия ҳукумати қоплаб бермайди, мен топширган дастур талабаларни қўллаб-қувватловчи ташкилот ҳисобланади, уни фонд деса ҳам бўлади.

“Берлинда талабанинг яшаши учун ойлик харажат – ўртача 1 000 евро”

— Агар сиз Германиянинг давлат университетларига келсангиз, сизда жуда ҳам кўп имкониятлар бўлади. Масалан, йўлкира учун пул тўлаб беришади, Берлиннинг ўзидаги квартира нархларидан анча арзон бўлган ётоқхона беришади. Ўқишим хусусий бўлгани учун Германиядаги халқаро талабаларга бериладиган кўп имтиёзлар менга берилмаган. Масалан, транспорт учун талабалик чиптаси берилмаган, мен халқ нархида йўлкирамга пул тўлайман. Бундан ташқари, ётоқхона берилмаган, квартирани ҳам ўзим топганман, нархлар қиммат. Ўзбекистондан келадиган одам учун тахминан ўртача олганда минг евро ойлик харажат бор.

Мен 450 евро уйга тўлайман, 300-400 евро озиқ-овқатга сарфлайман. Бизда “block account” бор, Германияга келишингиздан олдин 95 фоиз талаба учун банкка “block account” очилиши шарт ҳисобланади. Бу ҳисобрақамига тахминан 12 минг евро қўйилиши талаб қилинади. Пул қўйилгач, бу ҳисоб музлатилади то сиз Германияга ўқишга келиб, жойлашиб олмагунингизча. Ўқишга кирганлик ва виза олганлик сертификатларини пул қўйган ташкилотингизга кўрсатгач, улар сизга талаба мақомини бериб, ҳар ой 950 евро атрофида пул ташлаб туришади. Ўша пулдан 100 евроси тиббий суғуртага мажбурий чегириб қолинади. Чунки Германияда тиббий хизматлар жуда қиммат, айнан суғурта ҳисобига анча арзонга олишингиз мумкин бўлади. Курсдошларим орасида Германияга келиб жуда қиммат турган операция хизматларини ҳам олишга муваффақ бўлишди, унинг ичида овқатланиш, дори пулларини ҳам давлатнинг ўзи қоплаб берди.

Ҳар ой менга бериладиган 950 евро пул деярли етмай қолмади. Ҳар доим бу пул етди. Яъни бу дегани менинг ойлик 950 евро харажатим бор. Бунинг орасида бир ёки икки марта Германиянинг бошқа шаҳарларига ёки Европанинг бошқа давлатларига саёҳат қилиш мумкин, қайсидир маънода Европанинг ичида саёҳат нархлари ҳам қимматга тушмайди.

Bloomberg ва Amazon'га ишга кириш ҳақида

— Ҳозирги ўқишим давомида биз ёзда 3 ой давомида тажриба оширишимиз талаб қилинади. Дунёдаги гигант компаниялар, мисол учун, Google, Facebook, Amazon, Bloombergда ҳам талабалар учун шундай дастурлар мавжуд. Улардан энг кўп тарқалгани бу – ёзги тажриба дастурлари ҳисобланади. 3 ойдан 6 ойгача давом этади, Берлинга келмасимдан олдин ҳам булар ҳақида билардим, Инҳада таҳсил олиб юрганимда шу компанияларга ҳужжатларимни топшириб юрар эдим. Баъзилари билан суҳбат бўлган, баъзилари суҳбатга таклиф ҳа қилмаган, умуман олганда ҳар йили рад жавоби олиб юрардим.

Энг яқинлашганим Инҳада 4-курсда ўқиб юрганимда Amazon билан бўлган, охирги босқичгача етиб борганман. Дата муҳандислик лавозими учун курашганман, ҳамма босқичидан ўтиб, охиргисига келганимда йиқилганман. Бу менга катта дарс бўлган.

Рейтинги баланд ОТМда ўқишнинг яна бир катта фойдаси – катта компанияларнинг ўзи шу университетларга келишидир. Шу ўқиш талабалари учун дастурлар ташкил қилади, “биз шундай компаниямиз, бизда шундай позициялар бор, шунга ҳужжат топширинглар” деб, иш берувчилар билан юзма-юз мулоқот қилиш имконияти берилади. Бу жуда ҳам яхши, катта компанияларга ишга топширишда жуда ҳам кўп рақобатдошлар бўлади, 10 мингталаб бўлиши мумкин, уларнинг ичидан танланиш эса жуда мушкул. Шунинг учун юзма-юз мулоқотлар катта ёрдам беради.

Менда қандай бўлган? Компанияларнинг суҳбатларига ҳужжат топширишни бошладим, бу вақт давомида бошқа тадбирларга ҳам, масалан, Google, Amazon, Bloombergнинг ҳар хил сунъий интеллект бўйича тадбирларида қатнашдим. Суҳбатларда топширган резмюмем кўп жойлардан рад жавобини олди, баъзиларида суҳбатларга ҳам талиф қилди. Умумий олганда, тахминан 70 тача компанияларга ҳужжат топширдим, булар ичида Amazon, Bloomberg, Wayfair, Uber, Mastercard компаниялари ҳам бор эди. Хуллас, охирида Bloomberg ва Amazon'дан иш таклифлари олишга муваффақ бўлдим.

Компанияларга ишга кириш босқичларига келсак, мен тўлиқ ставкада ишлаш учун жараён қандай кечишини билмайман, лекин тажриба ошириш (internship) учун гапира оламан, бу компанияларга қараб фарқ қилади. Масалан, баъзи компанияларда битта босқич бўлади, лекин мен шу вақтгача ҳужжат топширган ТОП компанияларга, мисол учун, Bloomberg ва Amazon'га ишга киришда босқичлар кўпроқ бўлган.

Amazon'да жами 3 та босқич бўлди, битта техник интервю, 2 та хулқ-атворни билишга оид суҳбат бўлди. Охирги 2 та суҳбатда сиз қандай характерга эга эканингиз, қандай ишчи бўлганингиз, иш ҳолатларида қандай йўл тутасиз, шунга оид саволлар берилади.

Bloomberg'да эса жами 4 та босқичдан ўтганман. Биринчиси фон интервю бўлди, унда Буюк Британиядан телефон қилишди, ярим соатлик суҳбатда Bloombergʼга нима сабаб қизиққаним, у ҳақда нима билишим, нега “data science” соҳасига қизиқишим – умуман шу саволлар бўйича гаплашилди. Бундан ташқари, 15 дақиқа давомида техник билимларимни ҳам синашга ҳаракат қилишди. Интервю бўлган куннинг кечаси иккинчи босқичга ўтганим ҳақида хат келди.

  • Интервюнинг тўлиқ шаклини юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Дилшода Шомирзаева суҳбатлашди.

Top