22:09 / 18.05.2024
5818

Ғазода сулҳ тузиш бўйича музокаралар тўхтатилди — ОАВ

Исроил ва ҲАМАС гаровга олинганларни озод қилиш шартлари ва «урушнинг тугаши» тушунчаси таърифи бўйича келиша олмаяпти.

Фото: idfofficial / Telegram

Исроил ва Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати ўртасида Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралар боши берк кўчага кириб қолди. Бу ҳақда Исроилнинг Kan радиостанциясига таяниб РБК хабар берди.

Қайд қилинишича, томонлар гаровга олинганларни озод қилиш шартлари ва «урушнинг тугаши» тушунчаси таърифи бўйича келиша олмаган.

Манбаларга кўра, музокараларда иштирок этаётган Миср ва Қатар вакиллари ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш эвазига гаровдаги исроилликларни алмашишни талаб қилмоқда. Шу билан бирга, томонлар «урушнинг тугаши» тушунчасини таърифлаш бўйича турли позицияларга эга. Исроил, шунингдек, ҲАМАС озод этишни талаб қилаётган жангарилар номига вето қўймоқда.

«ҲАМАС Исроил билан келишувга йўл қўймаяпти, Миср ва Қатар ҲАМАС томонида турибди», деди манбалар.

Асирлар ва гаровга олинганларни алмашиш бўйича сўнгги музокаралар Қоҳирада бўлиб ўтди. Унда уч босқичли келишув кўзда тутилган эди: гаровдаги 33 нафар исроилликни озод қилиш ва Исроил ҳарбийларини Ғазо секторининг айрим ҳудудларидан олиб чиқиш, қолган тирик маҳбусларни қайтариш ва ўлганларнинг жасадларини алмашиш. ҲАМАС бу шартларга рози бўлган эди, бироқ 6 май куни Исроил анклавнинг шимолий ҳудудларидан келган 1 миллиондан ортиқ қочқинга бошпана берган Рафаҳда қуруқликдаги операцияни бошлади.

12 май куни Миср Ташқи ишлар вазирлиги Жанубий Африканинг Исроилга қарши Халқаро судга берган даъвосига қўшилиш ҳақида қарор қабул қилди. Департамент Ғазодаги вазиятнинг кучайиши ва Исроилнинг фаластинликларга нисбатан тажовузи кучайгани сабабли бундай қадам ташлашга мажбур бўлганини қайд этди. Шунингдек, Миср Исроил билан дипломатик муносабатлар даражасини пасайтириш масаласини кўриб чиқаётгани ҳақида хабар берилди.

Мавзу
ҲАМАС–Исроил уруши
7 октябр куни Ғазо бўлгасидаги ҲАМАС кучлари Исроилга ёппасига ракета зарбалари берди ва чегарадаги аҳоли пунктларини эгаллай бошлади. Бунга жавобан Исроил ташкилотга қарши уруш очди. Бу сафарги эскалация аввал кузатилмаган даражада кўп қурбонларга олиб келди.
Барчаси
Top