15:18 / 08.03.2021
9523
Аксилкоррупция агентлигида тергов-суриштирув ваколатлари йўқлигига изоҳ берилди

Манфаатлар тўқнашуви юзага келиши мумкин бўлгани сабабли Коррупцияга қарши курашиш агентлигига тергов-суриштирув ваколатлари берилмаган. Агентлик раҳбари Акмал Бурҳонов «Америка овози» мухбири Навбаҳор Имомовага берган интервьюсида шу ҳақда тўхталиб ўтган.

«Юридик жиҳатдан олиб қарайдиган бўлсак, ҳақиқатан ҳам бизда тергов-суриштирув ваколатлари йўқ. Бу жуда кўп бериладиган саволлардан бири -  нега агентликда ҳеч қандай инструментлар йўқ, дейишади.

Тасаввур қилинг, агентликда тергов функцияси бўлса, уни назорат қилувчи прокуратура органлари бор. Ёки, тергов натижаларини биз охир-оқибат судга чиқарамиз. Яъни бу ерда мувозанат бузилади, кимларгадир тобе бўлиб қолишимиз мумкин, манфаатлар тўқнашуви пайдо бўлади.

Шу сабабли бу агентлик имкон қадар, максимал даражада ҳар қандай ҳокимият идораларидан мустақил фаолият юритадиган идора бўлсин, деган қарорга келинди, шунга ҳаракат қилинди. Буни биз янгидан ўйлаб топганимиз йўқ. Бу Жанубий Корея, Франция тажрибаси ҳисобланади ва бошқа кўплаб ривожланган давлатларда [коррупцияга қарши курашувчи идоралар] превентив орган сифатида фаолият юритади.

Бу нарса Ўзбекистонга ҳам, яъни коррупциянинг олдини олишга хос. «Бошқа давлатларда ундай эмас-ку, уларда тергов функцияси бор-ку», деб кимдир савол бериши мумкин. Лекин бизга яқин бўлган постсовет давлатларида ҳам бундай органларга тергов-суриштирув ваколатлари берилганда ҳам натижа бермаётганини кўришимиз мумкин.

Яъни биз тергов идораларини ҳам, суриштирув идораларининг ҳам коррупцияга қарши фаолиятини мувофиқлаштира оламиз ва бизнинг сўровимизга кўра ҳар қандай суриштирув-тергов идораси зудлик билан терговолди ҳаракатларни амалга ошириши, агар коррупцион ҳолат, жиноий хатти-ҳаракатлар аниқланса, жиноят иши қўзғатиши керак. Агентлигимиз вакиллари тергов ва суриштирув билан боғлиқ барча жараёнларда иштирок этиш имкониятига эга. Бу президент фармонида кўрсатиб ўтилган ва фармон асосида ишлаб чиқилган қонун лойиҳасида ҳам ўз аксини топган», деган Акмал Бурҳонов.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2020 йил 29 июнда билан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилган, 14 июл куни Акмал Бурҳонов ушбу агентлик директори этиб тайинланган эди. Агентлик Ўзбекистон президентига бўйсунади ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари олдида ҳисобдордир. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори мақоми бўйича вазирга тенглаштирилган. Шавкат Мирзиёев агентлик коррупцияга қарши курашда барча куч ва воситаларга эга бўлишини таъкидлаган.

Агентликнинг асосий вазифаларидан бири коррупция юқори бўлган соҳаларни чуқур таҳлил қилиш ҳамда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш ҳисобланади. Агентлик ҳар йили оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилиниши лозим бўлган Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида миллий маърузани шакллантиради ҳамда уни Ўзбекистон президенти ва Олий Мажлис палаталарига киритади.

Top