23:02 / 19.01.2021
26733
АҚШ Хитойнинг уйғурларга нисбатан ҳаракатларини геноцид деб эълон қилди

Ўтган йил охирида Оқ уй Шинжон-Уйғур мухтор вилояти ва Ҳонконгда инсон ҳуқуқлари бузилиши сабабли Хитойнинг кўплаб компанияларига қарши санкциялар киритишни режалаштиргани айтилганди. 

Фото: EPA

АҚШ ҳукумати Хитойнинг Шинжон-Уйғур мухтор вилоятидаги уйғурларга нисбатан ҳаракатларини "геноцид" ва "инсониятга қарши жиноят" деб ҳисоблайди. АҚШ давлат котиби Майкл Помпео ана шундай баёнот билан чиқди, деб хабар бермоқда ТАСС.

"Мавжуд фактларни синчковлик билан ўрганиб чиққанимдан сўнг ХХР камида 2017 йил мартдан буён Шинжонда инсониятга қарши жиноятлар содир этган деган фикрга келдим. Бундан ташқари, ХХР у ерда геноцидни амалга оширган деган хулосага келдим", - дейилади Помпеонинг баёнотида.

Аввалроқ Оқ уй Шинжон-Уйғур мухтор вилояти ва Ҳонконгда инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳамда АҚШ миллий хавфсизлигига нисбатан таҳдид сабабли Хитойнинг кўплаб компанияларига қарши санкциялар киритишни режалаштиргани хабар қилинганди.

 Хитой ҳукумати уйғурларга қарши юқори технологик кузатувлар олиб бориш ва уларни фарзандлар ота-оналаридан ажратиладиган мажбурий меҳнат лагерларига жўнатишда айблаб келинмоқда. Расмий Пекин эса лагерлар кўнгилли таълим ва малака ошириш учун ташкил қилинганини айтиб келади.

Top