10:45 / 14.09.2020
36408
Швейцария Гулнора Каримова ҳисоб рақамидаги 131 млн долларни Ўзбекистонга қайтаришга розилик берди

Ўзбекистон ва Швейцария Гулнора Каримовадан мусодара қилинган пул маблағларини қайтариш шартлари бўйича келишувга эришди. Маблағлар «халқ ҳаётини яхшилашга сарфланиши», жараён эса шаффофлик ва ҳисобдорлик тамойиллари асосида ташкил этилиши талаб қилинади.

Фото: Tengrinews.kz

Швейцария ҳукумати 2012 йилда Гулнора Каримовага тегишли бўлган ҳисоб-рақамлардаги маблағлардан 131 миллион долларга тенг активларни Ўзбекистонга қайтаришга розилик берди. 

Швейцария ҳукумати баёнотида айтилишича, Ўзбекистон қайтарилган активларни аҳоли турмуш шароитларини яхшилаш, барқарор ривожланиш лойиҳаларига сарфлаши керак бўлади. Бундан ташқари, ушбу маблағлар харажати устидан шаффоф мониторинг ўрнатилиши лозим.

Гулнора Каримовага тааллуқли яна 715 млн долларлик маблағлар музлатиб қўйилган. Ҳозирча бу маблағлар Гулнора Каримовага нисбатан жиноий иш кетаётгани учун ушлаб турилади. Ушбу маблағлар ҳам фақат юқоридаги каби шартлар асосидагина Ўзбекистонга қайтарилиши мумкин.

  • Гулнора Каримова 2015-2020 йилларда Ўзбекистонда иқтисодий жиноятлар учун уч марта судланган. 2020 йил мартида унга 13 йилу 4 ой қамоқ жазоси тайинланган. Жиноят қонунчилиги нормаларига мувофиқ ҳамда бир неча жиноят ва ҳукмлар мажмуи бўйича жазо тайинланганини инобатга олган ҳолда жазо муддатини 2015 йил 21 августдан бошлаб ҳисоблаш белгиланган.
  • 2020 йил майида Ўзбекистон ҳукумати Франциядан 10 миллион АҚШ доллари миқдоридаги активларни қайтариб олганди.  Бош прокуратура Швейцария федерал прокуратураси билан ҳамкорликда экспертларни жалб қилган ҳолда Гулнора Каримованинг Женева шаҳрида жойлашган вилласида ўтказилган тинтув вақтида аниқланган ва хатланган 70 турдаги санъат ашёлари (картиналар, амалий санъат ва ҳунармандчилик асарлари ва ҳоказолар)нинг Ўзбекистонга қайтарилиши бўйича ишлар олиб борилаётганини билдирганди. 
  • Июнь ойида эса Гулнора Каримова томонидан жиноий йўл билан орттирилган 1,3 миллиард АҚШ долларидан ортиқ миқдордаги мулкларни қайтариш бўйича Швейцария, АҚШ, Франция, Россия каби давлатлар билан ҳамкорликдаги ишлар давом этаётгани тўғрисида хабар берилганди. 
Top