16:29 / 03.05.2018
7823
Мундиални кутиб. Таништирув: Дания

Жаҳон чемпионати бошланишига саноқли кунлар қолмоқда. Tribuna.Uz анъанасига содиқ қолган ҳолда тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақасида иштирок этадиган терма жамоалар билан таништиришда давом этади. Бу сафар навбат Кўҳна қитъанинг энг кўҳна терма жамоаларидан бири — Данияга.

ДАНИЯ:
Ташкил топган давр: 8-аср
Пойтахти: Копенҳаген
Бошқарув шакли: Конституцион монархия
Аҳолиси: 5.7 миллион (110-ўрин)
Аул бирлиги: Крона

ДАНИЯ ТЕРМА ЖАМОАСИ.

Фото: Andreea Alexandru/AP

Лақаби – «Дания Динамити»
Конфедерация – УЕФА 
Федерация – Дания футбол Иттифоқи
Европа Чемпиони - 1992
Терма жамоа таркибида энг кўп иштирок этган – Петер Шмайхел (129)
Энг кўп гол киритган – Йон Даль Томассон (52)
Илк ўйин – 1908 йил. 19 октябрь. Дания - Франция - 9:0
Энг йирик ғалаба – 1908 йил. 22 октябрь. Дания - Франция - 17:1
Энг йирик мағлубият – 1937 йил. 16 май. Германия – Дания – 8:0
Жаҳон чемпионатида: Чорак финал (1998)

ТАРИХИ
Дания футболи тараққий этиш бўйича Европада энг қадимийлардан саналади, мамлакатнинг кўплаб клублари жаҳоннинг энг қадимий клубларидан ҳисобланишади. Аммо ўлкада хаваскорлик тамойилларининг асосий ўрин тутганлиги сабабли, узоқ вақт данияликлар футболни профессионал асосга қуриб олган бошқа давлатларга қаршилик қила олмай келишди. Шунинг учун ҳам ўтган аср бошидаги Дания ютуқлари асосан олимпиада баҳсларига тўғри келади. Улар 1906 йилда Олимпиада ғолиби бўлишган, кейинги 2та олимпиадада эса кумуш медал эгаси бўлишган.

Фото: Wikipedia

70-йилларга келиб мамлакат футболи тараққиётнинг янги босқичига кўтарилди. 1977 йилда илк бор «Олтин тўп»га даниялик футболчи, Аллан Симонсен лойиқ кўрилди. Айнан ўша йиллардан бошлаб, Дания клублари профессионал мақомини ола бошлашди, легионерларни олиб келиш ва кучли футболчиларни Европанинг кучли чемпионатларига трансфер этилишига рухсат берилди ва айнан мана шу ўзига хос бурилиш Дания футболининг тезлик билан ривожлана боришига катта туртки берди. Европанинг кучли клубларида ўйнай бошлаган Микаэль Лаудруп, Пребен Элькяер, Йеспер Ольсен, Мортен Ольсен ва Серен Лербю каби футболчилар 80-йилларнинг бошига келиб ўзига хос ансамбл яратишди, бутун дунёни ўзлари ҳақида гапиришга мажбур этди ва терма жамоа «Дания динамити» деган лақабни олди.

«Тақдимот маросими»  Франция мезбонлик қилган Евро-84 баҳсларида бўлиб ўтди. Немис мутахассиси Йозеф Пионтек бошчилигидаги «динамит» илк учрашувда майдон эгаларига кичик ҳисобда имкониятни бой берган бўлса-да, кейинчалик данияликларни тўхтатиб бўлмади ва улар ярим финалгача етиб боришди...

Мексикадаги жаҳон чемпионати ҳам Даниянинг ёрқин ўйинлари билан бошланди. Илк учрашувда ягона гол туфайли Шотландияни мағлуб этган жамоанинг икки карра жаҳон чемпиони Уругвайга қарши кечган учрашуви умуман бенефисга айланиб кетди – 6:1. Элькяер эса ҳет-трик муаллифига айланди. Гуруҳнинг сўнгги учрашуви ГФР га қарши кечди. Гуруҳнинг ғолибини аниқлаши керак бўлган учрашув кўпчилик учун кутилмаганда Даниянинг 2:0 ҳисобидаги ишончли ғалабаси билан якунланди. Ўйиндан сўнг, немислар мураббийи «Кайзер» Франц ўйин олдидан шогирдларида ғалабага бўлган ишонч ва хотиржамлик керагидан ортиқ бўлганини тан олганди.

Фото: Getty Images

Шуниси қизиқки, Дания терма жамоасининг тақдири кўп жиҳатдан ҳолландларга ўхшаб кетади. Ҳар икки давлат футболи 70-йиллардан сўнг кучая бошлаган. Ўхшашлик фақат шунда эмас. Уёғини эшитиб, ҳайратга тушмай иложингиз йўқ.

Хуллас, Евро-88 Нидерландия терма жамоасининг ғалабаси билан якунлангач, кейинги турнир Швецияда ташкиллаштирилди. Саралаш босқичида Югославияни кузатиб қўйган даниялик юлдузлар ёзги таътилга тайёргарлик кўраётган палла эди. Бирдан УЕФА Югославия жамоаларини қарамоғидаги барча турнирлардан четлаштиради ва Швецияга Дания боришини эълон қилиб юборади. Мураббий Рихард Миллер-Нильсен шогирдларини йиғиштириб, инглизларга қарши илк ўйинда майдонга тушириб юборади. Натижасиз. Ҳисоб очилмайди. Кейинги турда майдон эгаларидан мағлубият қабул қилишади. Нимаям қилишарди, ахир, тайёргарлик кўнгилдагидек бўлмаган, ҳеч ким улардан юқори натижа талаб қилишга ҳаққи йўқ. Аммо кутилмаганда жамоа ўйнаб кетиб қолса бўладими...

Гуруҳнинг сўнгги учрашуви мусобақа фаворити Францияни «кўмиш» билан якунланади – 2:1. Ярим финалда эса ўша «акалари», Европанинг амалдаги чемпиони, нариги гуруҳда яққол фаворитлик қилган Нидерландияга қарши саф тортишади. Гўёки хазиллашаётгандек ҳаракат қилиб ҳисобда мушук-сичқон ўйнаган Дания пенальтилар баҳсида «пақ» этиб ютиб қўяди. Европанинг энг яхши футболчиси Марко ван Бастен «лотореялар баҳсида» хатога йўл қўйганлигига нима дейсиз? Европа Петер Шмайхелга тан беришни бошлайди.

Фото: Getty Images

Финалда немислар доимо барқарор ва кучли бўлишади. «Биз 6 йил олдинги хатони эслаймиз ва рақибни кучли деб майдонга тушамиз», деганди Берти Форгтс, немисларнинг янги бош мураббийи. Ҳақиқатдан ҳам ўша куни данияликлар кучли эдилар, Йенсен ва Вильфортлар киритган икки тўп уларни Европа чемпионига айлантиради – 2:0. Бу ҳисоб сизга таниш туюлмаяптими?
   
Терма жамоанинг асосий юлдузлари Шмайхел ва ака-ука Лаудрупларнинг фаолиятларининг якунланиши оқибатида мамлакат футболида ҳам сезиларли «спад» вужудга келди. Евро-2004даги шведлар билан бирга италияликларни гуруҳда қолдириб кетишлари, 2010 йилдаги мундиалдаги иштирокдан бошқа данияликлар ҳақида эслагулик бирор ҳодиса йўқ. Сўнгги икки йирик мусобақа – ЖЧ-2014 ва Евро-2016 ҳам Дания терма жамоасисиз ўтди.

Фото: Christof Koepsel/Getty Images

БУГУНГИ ДАНИЯ
Бугунги Дания терма жамоаси кўрсатаётган ўйин услуби ва етакчи футболчиларига қараб туриб, сўнгги ўн йилликдаги биз билган – жисмоний куч ва тезкорликни тарғиб қиладиган, асоссан инглиз мактабида шаклланган Данияни топа олмайсиз. Дания скандинав ёки британ футболидан чекиниб, кўпроқ Европага яқинлашаётгандек, ўша 90-йиллардаги каби Нидерландия мактабига ўхшаб қолаётгандек.

Яримҳимоядаги, умуман терма жамоадаги етакчи футболчи Кристиан Эриксен АПЛ да ўйнаса-да, «Аякс» тарбияланувчиси ва биламизки, «Тоттенҳэм» ҳам кўпроқ комбинацион футбол намойиш этадин. Унинг марказдаги шериги Лассе Шёне ҳам бир пайтлар Эриксеннинг клубдоши бўлган ва ҳозир ҳам «Аякс» етакчиларидан бири саналади. Ҳужум чизиғидаги Николай Йергенссен «Фейенорд» бомбардири бўлса, «Копенҳаген»да ўйнаётган Виктор Фишер ҳам аслида «Аякс»да тарбия топган.

Ҳар бир позиция каби Даниянинг ҳимоя чизиғида ҳам шерикларини олдинга бошлайдиган ва ўйинни бошқара оладиган юлдузлар бор. «Лестер» таркибида Англия чемпиони бўлган дарвозабон Каспер Шмайхелдан ташқари, марказий ҳимоячи Андреас Кристиансенга ҳам эътибор қаратиш зарур. У ушбу мавсумда «Челси»нинг асосий ҳимоячиларидан бирига айланди. Жамоа сардори, «Севилья» етакчиларидан бири Симон Кьер билан тандем ўлароқ, Кристиансен жаҳон чемпионатидаги энг яхши ҳимоячилардан бирига айланиши мумкин. 

Фото: Getty Images

ЭЪТИБОР БЕРИШ ЛОЗИМ: Пионе СИСТО
Келиб чиқиши угандалик бўлган 23 ёшли футболчини Европа дастлаб ўтган мавсумда, «Мидтюлланд»нинг «Манчестер Юнайтед»га қарши ўйинларида таниб олганди. Айниқса, Данияда бўлиб ўтган ўйинда мезбонлар ғалаба қозонишган, Систо эса, ўз қанотида «МЮ»нинг номдор ҳимоячиларини «ёш бола» қилиш билан биргаликда, ҳал қилувчи гол муаллифи ҳам бўлганди.

Аслида Систо футбол скаутлари учун нотаниш эмаслиги ва «Барселона». «Милан», «Ювентус», «Порту» каби Европа грандлари аллақачон Систо билан қизиқиб юрганликлари ҳақида ҳам хабарлар тарқалди. 2016 йилда у «Сельта» билан шартнома имзолади ва ҳозирда Ла Лигада иккинчи мавсумини ўтказмоқда. 
Унинг ўйин услуби, африкаликларга хос техникаси балки Дания терма жамоаси футболига бироз мос эмасдир, аммо айнан мана шу фарқ Систонинг порлашига сабаб бўлиши ҳам мумкин. Ёш футболчи учун янги босқичга қадам қўйиш ва қайтадан Европа грандлари эътиборини ўзига қаратиш учун яхши имконият.

МУРАББИЙ
Норвегиялик мураббий Оге Фритьоф Харейде бир кўрсаткич билан Свен Йоран Эрикссон билан бирга тилга олинади – у Европадаги уч мамлакат миллий чемпионатини ютган мураббийдир. Фақат Хаппел, Траппатони, Анчелотти ва Жозе Моуриньолар тўрттадан лигада чемпион бўлишган. Харейде Скандинавиянинг ҳар бир давлатида, Норвегия, Швеция ва Данияда чемпион бўлган. 
2014 йилда у Швецияда энг яхши мураббий деб ҳам топилган. Харейде 2015 йилдан буён Дания терма жамоасини бошқариб келмоқда ва ниҳоят ЖЧ-2018 саралашида жамоа муваффақиятли иштирок этди. Польша, Руминия ва Черногория каби терма жамоалар билан бир гуруҳда ўйнаган Дания 2-ўринни банд этди ва плей-оффда Ирландияни енгиб мундиал йўлланмасини қўлга киритди.

Фото: Mike Hewitt/Getty Images 

Ўз вақтида «Манчестер Сити», «Лидс» каби жамоаларни бошқаришга уриниб кўрган мураббий ниҳоят катта ярмаркада бутун дунёга ўз билимларини намойиш этиш имконини қўлга киритди. 

ЖЧ-2018

Фото: Getty Images

Данияликлар С гуруҳида Франция, Перу ва Австралия терма жамоалари билан бирга жойлашишган. Французлар билан бир гуруҳда ўйнаш кўпинча Данияга омад келтирганини таъкидлаш лозим. Мисол учун, ўша юқорида эсланган Евро-92 да ҳам, 1998, 2002 йиллардаги мундиалларда ҳам бу жамоалар бирга жой олишган ва ҳар сафар Дания бу босқични муваффақиятли якунлаганди. 
Дастлабки ўйин 16 июнь куни Саранскда Перуга қарши кечади. 21 июнда эса, Самарада Австралия – Дания учрашуви режалаштирилган. Европа вакилига қарши ҳал қилувчи сўнгги тур ўйини эса, 26 июнь куни «Лужники»да бўлиб ўтиши белгиланган.   

Интернет материаллари асосида Қаҳрамон Асланов тайёрлади.

Мавзу
Россия мундиали

2018 йилнинг 14 июнидан 15 июлига қадар Россиянинг 11та шаҳрида 12та стадионда ЖЧ-2018 бўлиб ўтади. Россия илк бор мундиалга мезбонлик қилмоқда.

Барчаси
Top