20:43 / 11.01.2020
0
16897
«Олимпиада нималигини ҳис қилинг» — «Хитой девори»дан ўтишга чоғланаётган Ўзбекистон U23 машғулотидан фоторепортаж

Ўзбекистон U23 жамоаси эртага 12 январь куни Таиланддаги Осиё чемпионатида иккинчи ўйинини ўтказади. Любинко Друлович мураббийлигидаги футболчиларимиз иккинчи турда Хитойга қарши ўйнашади. Хитой биринчи турда Жанубий Кореяга 0:1 ҳисобида имкониятни бой берган ҳолда охирги ўринда бормоқда, шу боис хитойликлар учун Ўзбекистонга қарши ўйин финалга тенг бўлади.

Ўзбекистон ҳам биринчи ўйиндаги натижадан хурсанд бўла олмайди, чунки бундай кучли гуруҳда йўқотилган ҳар бир очко қимматга тушиши мумкин. Эртага Жанубий Корея ва Эрон ўртасидаги ўзаро ўйин бизнинг учрашувдан аввал ўтказилиши бироз қулайлик туғдириши мумкин, бироқ мураббийлар рақиб ўйинини кутиб ўтириш яхшиликка олиб келмаслигини билишади.

Футболчиларимиз бугунги машғулотни ҳам Сонгхладаги маҳаллий техника университети стадионида ўтказишди. Олийгоҳ стадиони бўлишига қарамай, майдоннинг ҳолати жуда яхши эканини таъкидлаш керак. Йигитлар машғулотни кўтаринки кайфиятда ўтказишди. Бу эса мухлисларни бироз тинчлантириши мумкин, чунки футболчилардаги хотиржамлик мухлисларни ҳам тинчлантириши бор гап.

Машғулот давомида бир нарса эътиборни тортди. Ўзбекистон миллий жамоаси тарихида ўзига хос из қолдира олган ва бугун миллий жамоалар марказида ишлаётган Азиз Ҳайдаров U23 жамоаси билан Таиландга келган. Ҳайдаров футболчилар билан бирга югуриб, футболчилик вақтидаги воқеаларни гапириб бериш орқали уларнинг кайфиятини кўтаришга уринди. Азиз Ҳайдаров футболчиларга айтган бир гапи қулоққа чалинди ва бизнингча, собиқ футболчимизнинг бу гапи олимпиа жамоаси йигитларига қўшимча куч берган бўлса керак. Азиз Ҳайдаров футболчилик вақтида олимпиада йўлланмасини қўлга кирита олмагани ҳақида гапирди: «Биз ўшанда йўлланма учун имкониятимиз бўлатуриб уни қўлдан бой берганмиз. Чунки қанчалик катта мусобақага чиқишимиз мумкинлигини ҳис қилолмаганмиз. Сиз олимпиада қанчалик катта турнир эканини ҳис қилишингиз керак».

Умид қиламиз, тажрибали футболчимизнинг айтган гаплари укаларига тўғри етиб боради. Kun.uz мухбирлари Ўзбекистон U23 жамоасининг машғулотини стадиондан кузатиб боришди. Қуйида машғулот жараёнидан тайёрланган фотогалереяни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top