11:24 / 22.04.2021
38234
Қўшиқчи Жасур Умировга жиноят иши қўзғатишни рад этган ИИБ ходимлари жазоланди

Эстрада хонандаси ва айни кунда жазони ижро этиш муассасасида жазо муддатини ўтаётган Жасур Умиров содир этган жиноятни дастлабки босқичда терговга қадар ўрганиб, жиноят иши қўзғатишни рад этган Каттақўрғон туман ИИБ ТБ терговчиси ва тергов бўлими бошлиғига ҳайфсан, туман ИИБ бошлиғига эса танбеҳ берилган. Вилоят ИИБ ТБ бошлиғининг ўринбосари лавозимдан озод қилинганлиги билан чегараланилган.

Жасур Умиров иши бўйича жиноят иши қўзғатишни рад этган терговчининг ҳаракатлари прокуратура томонидан ўрганилаётгани хабар қилинганди.

Самарқанд вилоят прокуратураси Kun.uz’га мазкур ўрганиш натижаларига оид маълумотни тақдим этди.

Таъкидланишича, Каттақўрғон шаҳар прокуратураси томонидан ИИБ терговчисининг хатти-ҳаракатлари устидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилиб, терговчи далилларни сохталаштирмагани, кўрсатувларни ўзгача тарзда қайд этмагани, терговга қадар текширув ҳаракатларида иштирокчиларнинг кўрсатувларини ўзларининг сўзларидан ёзиб олгани аниқлангани сабабли, унга нисбатан ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинган. 

Шунга қарамай, ушбу ҳолат бўйича қонуний қарор қабул қилиш учун далилларни тўплаш, текшириш ва баҳолашда камчиликларга йўл қўйганлиги сабабли терговчига нисбатан вилоят ИИБ бошлиғининг буйруғи билан "ҳайфсан" интизомий жазоси қўлланилган.

Шунингдек, мазкур ҳолатда идоравий назоратни етарли даражада таъминламаган Каттақўрғон туман ИИБ ТБ бошлиғига "ҳайфсан", туман ИИБ бошлиғига “танбеҳ” интизомий жазоси қўлланилган. Вилоят ИИБ ТБ бошлиғининг ўринбосари лавозимдан озод қилинганлиги билан чегараланилган.

Маълумот учун, Жасур Умиров ва бошқаларга оид жиноят иши томонларнинг шикояти асосида Самарқанд вилоят суди томонидан апелляция тартибида кўриб чиқилиб, ҳукм ўз кучида қолдирилган.

Эслатиб ўтамиз, хонанда Жасур Умировнинг вояга етмаган қизни зўрлаб, номусига текканлиги ҳолати юзасидан ЖКнинг 118-моддаси билан қўзғатилган жиноят иши, судда мазмунан кўрилиб, айбдорларга нисбатан суд ҳукми билан тегишли жазолар тайинланган.  

Top