10:30 / 09.02.2021
33158
«Маблағсиз бизнес бошлаб бўлмайди, деганлар адашади» — экспортчи қиз ҳикояси

Kun.uz'нинг «Оптимист» рукни навбатдаги қаҳрамони – Дилдора Отажонова. У агробизнес соҳасида фаолият юритади. 2018 йилда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти билан шуғулланувчи Teodora Goods корхонасини очган.

Дилдора 19 ёшида Малайзияга ўқишга кетган. Лекин бир йилдан сўнг ота-онаси ўқиш тўловида моддий қийинчиликларга дуч келгани учун таълимни давом эттира олмайди. Ўзбекистонга қайтиб келишни режалаштирмаган Дилдора бир муддат Малайзияда инглиз тили ўқитувчиси ва тур-оператор бўлиб ишлайди.

У ўша орада визасини янгилаш учун 2 ойга Ўзбекистонга қайтиб келади. Дилдоранинг ҳикояси мана шу ерда бошланади.

«Маблағсиз ҳам бошлаш мумкин...»

Виза масаласи ҳал бўлгунча 2 ой бўш юришни хоҳламаган Дилдора агрофирмага ишга киради ва унинг режалари ўзгаради.

«Малайзияда бўлиб турган охирги йилим дўстларим агрофирма очишган ва улар Ўзбекистондан майиз импорт қилиб сотишарди. Мен ҳам ўша агрофирмада сотиш ишлари билан шуғулланиб, тажриба тўплагандим.

Ўзбекистондаги агрофирманинг менежментида баъзи нарсалар менга ёқмаган бўлса-да, лекин бу ерда шу соҳада салоҳият катта эканига амин бўлдим. Шундан сўнг Малайзияга қайтиб кетмай, Ўзбекистонда ишимни давом эттирдим», – дейди Дилдора.

У агрофирмада 1 йил ишлайди, лекин ишни бутунлай бошқача юритиш ниятидалиги сабаб ишдан кетади ва 2 ойдан сўнг ўз корхонасини очади.

«Биринчи 4 ой ўз корхонамда фақат ўзим биргина ишчи эдим. Чунки у пайти маблағим бўлмаса-да, тажрибам ишларим яхши бўлишига ёрдам беради, деб ишонардим.

Баъзилар экспорт соҳасида маблағ бўлмасдан туриб қандай бизнес бошлаш мумкин деб ҳайрон бўлишади. Лекин бу мумкин, сабаби сизга буюртма берилганда баъзида 100 фоиз олдиндан тўлов қилишади. Агар сиз бутун занжирни билсангиз, шунинг билан иш битира оласиз.

Секин-секин буюртмалар кўпайди. Мен ҳам бошида ҳамма сингари ишлаб кўрдим. Лекин бизда тез-тез сифат билан боғлиқ муаммолар кузатила бошлади. Шунинг учун ўзимга нима хато экани ҳақида жуда кўп савол берардим», – дейди Дилдора дастлабки фаолияти ҳақида.

Брокерлар – мева-сабзавот экспортидаги муаммоли нуқта

Дилдора Отажонова қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилишда энг асосий муаммо ўртадаги одамлар – брокерлар билан ишлашда деб билади. Экспортчиларнинг кўпчилигининг офиси Тошкентда жойлашган. Уларнинг асосий иши брокерлар билан битади. Брокерлар маҳсулотни тайёрлаб қўйишади, экспортчи эса юкни улардан олиб кетади.

Лекин брокерлар 20–30 йилдан бери бир хил тизимда ишлаб ўрганиб қолишган, фаолиятига янгилик киритишмагани сабаб кўплаб муаммолар пайдо бўлади. Улар аксар ҳолларда 1 кун далада қолган маҳсулотни экспортга йўналтиришади, мева солинадиган қутиларнинг тагига сифатсизроқ, устига эса сифатлисини жойлаштиришади. Оқибатда эса экспортчи мевани мижозга топширганда сифат билан боғлиқ муаммога дучор бўлади.

Дилдора бу муаммолар билан ишлашга, турли йўқотишларга доимий кўникишга рози бўлмайди. Шунинг учун у USAID томонидан молиялаштириладиган қишлоқ хўжалиги йўналишидаги дастурларда, семинарларда қатнашади, билимини оширади. Шу ташкилот ёрдами билан Ҳиндистонда узумни совуқхонада сақлаш сирларини ўрганиб қайтади. Кейинроқ Савдо-саноат палатаси дастури доирасида Италияга экспорт занжирини ўрганиш учун боради.

«Тажрибам йўқлиги учун бошида 800 тонна меванинг сифатини бузиб қўйганмиз...»

Қайтиб келгач экспорт занжиридаги ҳар бир муаммо аниқроқ кўрина бошлади, дейди ёш тадбиркор.

«Биз меваларимиз жуда табиий деб мақтанамиз. Лекин афсуски, аслида, ундай эмас. Мева етиштиришда кимёвий моддаларни жуда кўп ишлатамиз. Дарахтларимиз эса антибиотикларга худди одам организмидек ўрганиб қолади ва ундан ҳам кучлироғини талаб қила бошлайди.

Бундан ташқари, мевани қайси пайтда совуқхонага жойлаштириш, уларни қандай қилиб қадоқлаш ҳақида етарли маълумот йўқ. Кўпчилик совуқхоналарда ҳатто ҳарорат ҳам тўғри бўлмайди. Мева учун ҳар бир градус аҳамиятли. Ўз тажрибамда шу нарсаларни билмаганим учун 450 тонна хурмо ва 250 тонна узумнинг сифатини бузиб қўйганмиз. Бу соҳа – жуда нозик бизнес», – дейди Дилдора Отажонова.

«Ортиқ бундай ишлаб бўлмасди...»

Муаммоларни аниқ тушуна бошлаган экспортчи қиз ўз фаолиятини такомиллаштириш ва соҳадаги муаммоларни ҳал қиладиган тизим яратишга ҳаракат қила бошлайди. Бу лойиҳа Dalatech деб номланиб, у бир неча босқичларда амалга оширилиши мўлжалланган.

«Биринчи босқичда республикадаги барча фермерларнинг маълумотлари рақамли форматга туширилади. Бирор экспортчи ўзига қайсидир маҳсулот керак бўлиб қолса, маълумотлар базасига киради ва у орқали топиши мумкин бўлади. Масалан, «помидор» деб ёзса, бизнинг маълумотлар базаси унга помидор етиштирилаётган ҳудудларни, фермерларнинг телефон рақамларини, манзилларини ва бошқа керакли маълумотларни чиқариб беради.

Бунинг билан экспортчи ва фермер бир-бири билан тўғридан тўғри боғланади.

Иккинчи босқичда эса биз республикада етиштириладиган ҳар бир маҳсулотнинг алгоритмини ишлаб чиқамиз ва уни платформамиздан фойдаланаётган ҳар бир фермерга ўргатамиз. Бунинг билан фермерлар совуқхонадан қандай фойдаланишни ва бошқа керакли ишларни қандай ташкил қилишни ўрганади.

Учинчи босқичда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортида қатнашадиган ҳаммани қамраб олиш режалаштирилган. Сабаби экспортда фақат фермер ва экспортчи эмас, балки банк, логистика ходимлари, божхона ҳам қатнашади», – дея тушунтиради у.

«Ҳамма ҳам лойиҳани тўғри қабул қилмаслиги мумкин...»

Дилдоранинг айтишича, янги тизимни кўпчилик ҳам бирданига қабул қилмаслиги мумкин. У буни тўғри тушунади. Дилдора янги тартибни ўрганишни хоҳлаганларга ёрдам беришни, четга сифатли маҳсулотларни муаммосиз экспорт қилишни йўлга қўйишни мақсад қилган.

Платформанинг биринчи босқичи тугалланиб, феврал ойидан синов тарзида, апрелдан эса бутунлай ишга тушиши режалаштирилган.

«Лойиҳадан республиканинг 10 фоиз фермерлари фойдаланиб, уларнинг даромади ошадиган бўлса ҳам, уларнинг ёнидаги фермерлар ҳам платформадан фойдаланишга хоҳиш билдириши мумкин. Платформанинг ўзи 10 фоиз самара кўрсатса ҳам, бу қишлоқ хўжалигида катта ўзгариш бўлишига ёрдам беради. Буни кичик инқилоб деб аташимиз мумкин», – дейди Дилдора.

«Бизнес очмоқчи бўлган одам чўзиб ўтирмай фирмани рўйхатдан ўтказиши керак»

Ёш тадбиркор тўплаган тажрибасидан келиб чиққан тавсиялари билан ўртоқлашди.

«Экспорт соҳасида ёки бошқа йўналишда ҳам бизнес очмоқчи бўлган одам аввало ўзи танлаган йўналишда бирор корхонада ишлаб кўриши ва тизимни бошдан охиригача ўрганиши зарур. Шунда у нимани қандай қилиш кераклигини билиб олади.

Баъзилар: «Бизнес очсам, ўхшармикин, агар ўхшамаса, нима бўлади», деб иккиланади. Демак, ўша одамнинг ўзи танлаган соҳаси бўйича билими етарли эмас. Агар билими етарли бўлганда унда иккиланиш бўлмасди. Шунинг учун ҳам бошида ишлаб кўриб тажриба орттириш муҳим.

Кейинги тавсиям эса кўп иккиланмасдан тезроқ ташкилотни рўйхатдан ўтказиш зарур. Менинг ҳам баъзи ўртоқларим «яқин орада бизнесимни бошлайман», деб доим режалаштиришади, лекин улар кутган муддат ҳали келгани йўқ.

Одам комфорт зонасидан чиқиб реал вазиятда муаммоларни кўрмагунча, ўқиганлари, YouTube'да кўрганлари ҳаётдагидан бутунлай фарқ қилишини тушунмайди.

Яна бир нарса: ўз ишини бошлаган одам кейин бошқа биров учун ишлашни хоҳламай қолади. Йўқотишлар ва синовлар ҳисобига бўлса ҳам, ўз бизнесини ривожлантиришни, ўз иши учун ишлашни хоҳлайди», – дейди Дилдора.

Зилола Ғайбуллаева суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Асад Алланазаров.

Top