17:00 / 18.01.2018
21710
Қирғизистон президенти Ўзбекистонга ҳамдардлик билдирди

Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков Қозоғистоннинг Ақтўбе вилояти ҳудудидаги йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида Ўзбекистон фуқаролари вафот этгани муносабати билан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга ҳамдардлик билдирди. Бу ҳақда Қирғизистон президенти матбуот хизмати хабар бермоқда.

«Қозоғистон Республикаси ҳудудида рўй берган фожиали ҳодиса оқибатида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳалок бўлгани муносабати билан Қирғизистон Республикаси халқи ва ўз номимдан чуқур ҳамдардлик билдираман. Ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига самимий ҳамдардлик ва далда сўзларини, шунингдек, жабрланганларга тезроқ соғайиб кетиш тилагини етказишни сўрайман. Ўрнини тўлдириб бўлмайдиган қайғуга шерикмиз», – дейилган телеграммада.

18 январь куни маҳаллий вақт билан соат 10:30 атрофида, «Самара—Чимкент» йўлининг 1068-километрида «Ikarus» русумли йўловчи автобуси ёниб кетди. Бу вақтда автобус салонида 55 йўловчи ва икки ҳайдовчи бўлган. Фожиадан фақат 5 киши омон қолган. Маҳаллий нашрларда ҳалок бўлганларнинг барчаси ўзбекистонликлар экани айтилган. Ҳозирча марҳумларнинг шахси аниқланмади.

Мавзу
Ақтўбеда фожиа

Қозоғистонда йўловчи автобуси ёниб кетиши оқибатида камида 52 киши ҳалок бўлди. Улар Ўзбекистон фуқаролари эди

Барчаси
Top