8518.68 USD +5.11

9652.52 EUR +145.42

131.33 RUB +0.92

10847.7 GBP +94.20

12:34 / 03.05.2018 35153

Генерал Собир Раҳимов ҳайкали аввалги жойига қайтарилади

Фото: mapio.net

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига ташрифи давомида Норин тумани ҳокимиятида вилоят фаоллари, ҳокимлар, секторлар раҳбарлари ва бошқа мутасаддилар иштирокида йиғилиш ўтказилди. 

KUN.UZ мухбири хабарига кўра, видеоселектор давомида Шавкат Мирзиёев фашизм билан курашда катта матонат ва қаҳрамонлик кўрсатган ўзбек генерали Собир Раҳимов шахсига ҳам алоҳида тўхталиб ўтган.

“Мана, 9 май яқинлашиб келяпти. Мени қийнаб келаётган яна битта масала бор. Шафқатсиз фашизм билан курашда уруш майдонларида қолиб кетган буюк боболаримиз бор. Шуларни ичида биргина бўлган генерал Собир Раҳимовнинг номини эсламай ҳам қўйдик. Мана шу қаҳрамон генералимизнинг ҳайкалини тарих ва адолат учун тиклаб қўйсак. Бу иш 9 майгача амалга оширилса яхши бўларди”, - деди президент.    

Эслатиб ўтамиз, генерал Собир Раҳимов ҳайкали 2011 йилнинг қишида Ғофур Ғулом боғига кўчирилган. Бундан аввал ҳайкал Собир Раҳимов тумани ҳокимлиги биноси олдида турган. 2010 йилда эса туман номи Олмазор этиб ўзгартирилди, ундан аввал «Собир Раҳимов» метро бекатига ҳам «Олмазор» номи берилди.

Маълумот учун: Собир Раҳимов 1902 йил 25 январда (баъзи маълумотларга кўра 1 январда) Тошкентда туғилган. Меҳрибонлик уйида ўсган. 1925 йили Бокудаги ҳарбий мактабни битириб, Туркистон ҳарбий округида бир неча йил кавалерияга қўмондонлик қилган. 

Иккинчи жаҳон урушига келиб Собир Раҳимов майор ва мотоўқчи полки қўмондони ўринбосари унвонида бўлган. 1941 йил июлида яраланиб, госпиталда даволанган; ўша йил ноябрида 56-армиянинг 1149-ўқчи полки қўмондони бўлиб фронтга қайтган. 1943 йилда Собир Раҳимовга генерал-майор унвони берилган. 1945 йил 26 март куни Собир Раҳимов бошидан яраланган ва 8 соатдан сўнг госпиталда вафот этган. 

Собир Раҳимовнинг қабри Тошкентда жойлашган.

Top