8441.36 USD -14.01

9493.15 EUR -61.42

131.78 RUB +0.25

10963.6 GBP -96.83

17:40 / 14.06.2018 60322

Ортиқхўжаев ЙҲХБ фаолиятига эътироз билдирди: "20 йилдан бери бир гапни эшитиб келамиз"

Халқаро Пресс-клубнинг навбатдаги сессиясида Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бўлим бошлиғи ўринбосари Шавкат Норматов томонидан тизимда олиб борилаётган ишлар ҳақида билдирилган маълумотларга эътироз билдирди. KUN.UZ мухбири шу ҳақида хабар берди.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси вакили нималар ҳақида гапирди?

Биринчидан, ҳозирги кунда ҳайдовчилик гувоҳномаларини алмаштириш хизматлари Давлат хизматлари агентлигига ўтказиб берилди. Шаҳарнинг тўртта тумани - Миробод, Юнусобод, Олмазор ва Учтепа туманларида шаҳримиз фуқаролари бемалол 5-15 дақиқада эски ҳайдовчилик гувоҳномаларини янгисига алмаштириш имконига эгалар. Келгуси йилнинг 1 январидан бошлаб жисмоний шахсларга тегишли бўлган транспорт  воситаларини техник кўригини ўтказиш масаласини тадбиркорларга бериш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Иккинчидан, бошқарма бўлимларида навбатларни камайтириш масаласи. Ҳақиқатда ҳозирда навбатлар мавжуд. Уларни камайтириш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда. Файзиободдаги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бўлимида қўшимча иккита ойна очилди. Улардан бирида болалар ва қарияларга хизмат кўрсатиш учун алоҳида ойна очилди.

Учинчидан, фуқаролар ва ходимларга қулайлик яратиш мақсадида иншоотлар таъмирдан чиқарилди, кондиционерлар ўрнатилди, шу жумладан залга ҳам.

Тўртинчидан, кутиш залларида бепул Wi-Fi хизматлари йўлга қўйилди.

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг эътирози

Фото: Халқаро Пресс-клуб

Тошкент шаҳар ҳокими ЙҲХБ вакилининг сўзларига эътироз билдирди:

"Мен бу гапларга қўшила олмайман, чунки 20 йилдан бери шу гапни эшитиб келяпмиз - ҳар доим ҳаммаси яхши, - деди ҳоким. - Халқаро Пресс-клуб экранида кўрсатилган суратлар эски суратлар эмас (бир кун аввал олинган - таҳ.), бир кунда ҳаммаси ўзгариб қолишига ишона олмайман. Буни, албатта, тартибга солиш керак, тўғирлаш керак. Бундай хизматларни хусусий секторга ўтказишни таклиф қилишди. Унда қандай фарқ бўлади? Хусусий секторга ўтганидан кейин тушган пулдан ўша ерда ишловчи ҳар бир ходимнинг иш ҳақини кўтариб беради, яъни "10 кишига хизмат кўрсатсанг - бунча, 100 кишига хизмат қилсанг - шунча" деб. Бунда эса ўз-ўзидан хизмат кўрсатиш тизими яхшиланади. Агар бу давлат идорасида қоладиган бўлса, худди шу тизимни йўлга қўйсак, одамлар кутиб ўтиришга мажбур бўлмайди. Ишчилар ҳам кондиционер остида хотиржам ўтирмай, "кўпроқ одамга хизмат қилай, кўпроқ топай" деб ҳаракат қила бошлайди. Тизимни тўғирлаш керак, холос. Менимча, ҳеч бир давлатда бундай хизматлар хусусий секторга берилмаган. Шахсий фикримга келадиган бўлсак, мен хусусий секторга беришга қаршиман, лекин давлат тизимида қолиб, ўз фаолиятини такомиллаштириши тарафдориман".

Ҳоким фақат маош бериш тизимини ўзгартириш кераклиги, шундагина тизим тартибга тушишини, акс ҳолда, яна 5 йилдан кейин ҳам худди шу гапни эшитишга тўғри келишини айтди.

Бошловчи Шерзод Қудратхўжаев Халқаро Пресс-клуб майдонида бу мавзу учинчи марта кўтарилаётганини, лекин вазият ҳамон бирдек қолаётгани, бу инсон омилига боғлиқ эканини таъкидлади. Мавзу юзасидан Жамоатчилик кенгаши позициясига қизиқиб, унинг раиси Ҳикмат Абдураҳмоновга юзланди.

Жамоатчилик кенгаши қандай таклиф билан чиқди?

Жамоатчилик кенгаши раиси Ҳикмат Абдураҳмонов бу ерда фақат ички ишлар бўлимлари ёки вазирлиги хизматлари эмас, ҳам нотариус, ҳам ободонлаштириш, кадастр ва бошқа давлат томонидан кўрсатиладиган хизматларни умумий тизимга жалб қилиш кераклигини қайд этди. Хусусан, давлат хизматларини инвентаризация қилиш таклиф қилинди.

"Ҳозир бутун дунёда ақлли технологияларни ишлатиш, электрон тизимларни жорий қилиш ва у орқали келаётган одамларнинг муаммоларини ўрганиш, таҳлил қилиш мумкин. Агар таҳлил бўлмаса, самарадорликни ошириб бўлмайди", - деди у.

Бундан ташқари, тезлик регламентлари борлиги (яъни бир масалани ҳал қилиш учун ярим кун сарф қилиш мумкин ёки 5 дақиқа ичида ҳал қилиш мумкин) қўшимча қилинди. Шу ўринда Жамоатчилик кенгаши раиси хизмат турларини тоифалар бўйича қараб чиқилса, мақсадга мувофиқ бўлиши таклифини билдирди.

"Ҳар бир масалани ҳал қилиш тезлиги регламентини белгилаб бериш керак. Масалан, дунёнинг аксарият аэропортларида ходимлар йўловчилар ҳужжатларини 1 дақиқадан ортиқ ушлаб турмайди. Хулоса қиладиган бўлсак, хизматлар тезлиги, сифати ва самарадорлиги ўрганиб чиқилиши керак", - дея фикрига якун ясади Абдураҳмонов.

Умуман олганда, Халқаро Пресс-клубнинг Тошкент шаҳрини янада кўркамлаштириш ва фаровонлаштиришга бағишланган сессияси анча давомли ва қизиқарли ўтиб, кескин муҳокамаларга бой бўлди. Кўп муаммолар очиқ-ойдин кўтарилди, уларга ечимлар изланди, таклифлар билдирилди. Шаҳар ҳокими пойтахтда бўладиган барча ўзгаришлар, янгиликлар ва ислоҳотлар аҳоли билан ҳамжиҳатликда амалга оширилишини таъкидлади. Шулардан хулоса қилиб, Тошкентнинг яқин йилларда янада обод ва севимли шаҳарга айланишига умид билдирамиз.

Top