23:27 / 05.03.2021
6343
«ОАВ ходимларининг давлат идоралари томонидан мукофотланишига қаршиман» — Акмал Бурҳонов

Коррупцияга қарши курашишда оммавий ахборот воситаларининг аҳамияти катта, шу билан бирга, соҳанинг ўзида ҳам коррупцияга олиб бориши мумкин бўлган қатор омиллар бор. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов айтиб ўтди.

Акмал Бурхонов

Манфаатлар тўқнашуви ва коррупцион омиллар барча соҳаларда бўлгани каби, оммавий ахборот воситаларида ҳам бор, дея қайд этди Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов.

«ОАВ соҳасида ҳам манфаатлар тўқнашуви, коррупцион омиллар бор. Масалан, давлат тасарруфидаги оммавий ахборот воситаларида ишлаётган ходим у ёки бу ташкилотда ярим ставкада ишлаётганини кўриш мумкин», – таъкидлади у «Америка овози»га берган интервьюсида.

Бурҳонов сўнгги вақтларда ОАВ ходимларининг давлат мукофотлари билан тақдирланиши кўпайиб бораётгани ҳақидаги саволга жавобан, буни қўллаб-қувватламаслигини билдирди.

«Мен, очиғини айтаман, ОАВ ходимлари давлат идоралари томонидан мукофотланишига қаршиман. Лекин савол: бугун айнан Ўзбекистон муҳитида уларни давлат идоралари мукофотламаса, ким мукофотлайди? Уларни рағбатлантирувчи идора борми?» – деди у.

Аксилкоррупция агентлиги раҳбари сўзида давом этаркан, айнан ОАВ фаолиятини тартибга солиш бўйича Буюк Британия тажрибасини ўргангани, бунинг учун шу давлатга бориб келганини маълум қилди.

«Мен 10 кун давомида ОАВ фаолиятини тартибга солиш бўйича Буюк Британия тажрибасини ўрганиб келдим. BBC'да ҳам бўлдим ўша вақтда. У ерда журналистларнинг ҳамжамиятлари борлигини кўрдик. Уларнинг этика қоидалари, кодекслари борлигини кўрдик. Булар қонун билан эмас, айнан ўша ҳамжамиятлар орқали тузилган. Бундай ҳамжамиятлар биздагига ўхшаб бир дона эмас, давлат томонидан ташкил этилган ҳам эмас. Уларнинг ўзлари бу ҳамжамиятларга қандайдир фойдаси борлигини билиб, ихтиёрий равишда қўшилишади. Бу ҳамжамиятлар журналистларни рағбатлантириб туради.

У ерда ОАВ ҳам бизнес билан, ҳам журналистик фаолият билан шуғулланади. Қайси материаллари реклама сифатида, қайси бирлари ўзлари томонидан қилингани жамоатчилик учун очиқ. Бизда эса, афсуски, ҳаммаси аралашиб кетган. Қайсидир жараённи бир ҳудуддаги блогер ёзса, ҳаттоки давлат ОАВ ёритса ҳам, бунга пул тўлангани ёки йўқлигини биз билмаймиз. Бу – коррупцион ҳолат.

Бизда шундай мисоллар ҳам борки, бирор давлат муассасаси, нодавлат бизнеслар коррупцион ҳолат орқали давлат ОАВларидан фойдаланиб, бирор материални тайёрлатишган. Бу нарсага хорижда, хусусан, АҚШда жиддий қарашади. Бу ҳам этика қоидасини, ҳам қонунни бузиш ҳисобланади», – дейди Акмал Бурҳонов.

Top