23:48 / 03.05.2018
8349
Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан меҳнат фахрийси Ҳалима ая Носирова ҳолидан хабар олинди (видео)
Фото: KUN.UZ

Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган юртдошларимиз хотирасини ёд этиш, оловли жанггоҳлардан омон қайтган, оғир кунларни сабр-бардош билан енгган фахрийларимизга юксак эҳтиром, меҳр-оқибат кўрсатиш давлатимизнинг ҳамиша эътибор марказида бўлиб келмоқда.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Марказий аппарати ҳамда Тошкент шаҳар кенгаши ташаббуси билан партиянинг “Ўзбекистон – инсон қадри улуғланган юрт” лойиҳаси доирасида партия ва маҳалла фаоллари, депутатлар ҳамда “Ёш адолатчилар” қаноти аъзолари Чилонзор тумани 2-Чарх Камолон маҳалласида истиқомат қилаётган бугунги тинч ва нурафшон кунларимизнинг сабабчилари бўлган Иккинчи жаҳон уришининг фронт орти фахрийлари хонадонларига ташриф буюриб, улар ҳолидан хабар олишди, дилдан суҳбат қуришди.

Юзма-юз суҳбатлар чоғида фахрийлар дунё халқлари бошига мусибат солган машъум уруш, ўша оғир кунларни матонат билан енгиб ўтган ота-боболаримизнинг енгилмас иродаси, чексиз матонати ҳақида сўзлаб беришди. Ёшларга бугунги тинч-осойишта кунларга осонликча эришилмагани, уни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш лозимлиги юртимизда яратилган шароит ва имкониятлардан тўла фойдаланган ҳолда чуқур билим олиш, яхши касб эгаси бўлиш, шу орқали Ватанимиз тараққиёти учун ҳисса қўшиш ёш авлоднинг муқаддас бурчи эканлиги таъкидлашди.

2-Чарх Камолон маҳалласининг “Завқий” кўчаси, 27-хонадонида истиқомат қилувчи фронт орти меҳнат фахрийси Ҳалима ая Носирова бугун 93 ёшда фарзандлари, невара ва чеваралари ардоғида кексалик гаштини сурмоқдалар. Онахон қўллари дуода бугунги доруломон кунларга шукуроналик келтириб, давлатимиз томонидан ёши улуғ инсонларга кўрсатилаётган эътибордан мамнунликларини изҳор этдилар.

"Мен уруш бошланганда балоғат ёшидаги қизалоқ эдим. Халқимиз ўша йиллари жуда оғир қийинчиликларни бошдан кечирди. Уруш олови миллионлаб масофа узоқликда бўлишига қарамасдан фронт ортидаги, айниқса биз каби аёллар ва кексаларнинг ҳаётини издан чиқарди. Уруш таъминотидаги бор оғирлик бизнинг бўйнимизда эди. Шундай бир оғир даврда ҳам ўзбек аёллари ўз фарзандлари қатори уруш олови аланга олган ҳудудлардан юртимизга кўчириб келтирилган минглаб болаларга оналик қилиб, уларни ўз фарзандларидек оила бағрига олишди. Бугунги кундагидек тинч-осойишта, бахтли кунлар ўша даврда ҳар бир онанинг орзуси эди", — дейди Ҳалима ая Носирова.

9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган бу каби эътибор ва ғамхўрлик, ёшларнинг ҳурмат ва эҳтироми мамлакатимизда инсон манфаати, унинг шаъни ва қадр-қиммати ҳамма нарсадан устун эканини яна бир карра намоён этмоқда.

Top