22:23 / 03.05.2018
3983
Ўзбекистонда "Жисмоний тарбия ва спорт аълочиси" кўкрак нишони таъсис этилади
Фото: screenshot

Ўзбекистонда жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш ишларининг самарадорлигини ошириш мақсадида 2018 йилнинг 3 май куни Вазирлар Маҳкамасининг 332-сонли қарори имзоланди. Унга мувофиқ Ўзбекистонда "Жисмоний тарбия ва спорт аълочиси" кўкрак нишони таъсис этилади. 

Кўкрак нишони билан Олимпия, Паралимпия ва Осиё ўйинлари ҳамда жаҳон, Осиё чемпионатларида ва бошқа нуфузли халқаро спорт мусобақаларида юксак натижаларга эришган, Ватанимиз байроғини баланд кўтариб келаётган спортчиларнинг мураббийлари, жамиятда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, аҳолининг, айниқса ёш авлоднинг жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан мунтазам шуғулланиши учун замон талабларига мос шарт-шароитлар яратиш, жисмоний тарбия ва спортни янада ривожлантиришга йўналтирилган кенг кўламли ишлар амалга оширилишига муносиб ҳисса қўшиб келаётган тажрибали, етук жисмоний тарбия ва спорт соҳаси вакиллари тақдирланишади. 

Қарорга кўра, Ўзбекистон фуқароси бўлмаган шахслар ҳам мазкур кўкрак нишони билан тақдирланиши мумкин. 

"Жисмоний тарбия ва спорт аълочиси" кўкрак нишонлари ва уларнинг гувоҳномалари тайёрланиши "Давлат белгиси" давлат ишлаб чиқариш бирлашмаси томонидан таъминланади. 

Мазкур қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон республикаси Бош вазирининг ўринбосари Қ.В.Акмалов ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазири Ш.Х.Исроилов зиммасига юклатилди. 

Top