8389.97 USD +11.93

9491.57 EUR +3.44

129.72 RUB +0.63

11082.3 GBP -51.27

18:16 / 31.07.2018 8688

Хайрия акцияси: Улар учун соғайишнинг ўзи бир олам

Бу ўткинчи дунёда баъзан озгина етишмовчиликка ҳам нолиймиз. Гарчи атрофимиз тўла неъмат бўлса ҳам кичик мусибатга енгиламиз. Аллоҳ хоҳлаганидан кўп ҳам, кам ҳам ололмаслигимизни унутиб қўямиз. Ўзимизда бўлган энг катта бойликлардан бири соғликнинг қадрига етмаймиз. Шундай инсонлар борки, улар ўлим билан олишади. Улар учун соғайиб кетишнинг ўзи бир олам. Баъзилар яшаш учун курашади, баъзилар фоний дунёни тарк этади. 

«KUN.UZ» жамоаси Тошкент шаҳрида жойлашган Гематология ва қон қуйиш илмий-текшириш институтидаги кўмакка муҳтож инсонлар ҳолидан хабар олди. Лейкоз - оқ қон билан оғриган беморларнинг шифокори ва яқин қариндошлари билан боғландик.

Аввалига бемор Дониёр Габдулин билан учрашдик. Дониёр акага аввалроқ хайрия акцияси ўтгазилган эди. Дониёр ака оилали, тўрт ўғилнинг отаси. Оиласининг ягона таянчи. Фарзандлари ҳали жуда ёш. Унга ўткир лейкоз ташхиси қўйилган, айни вақтда синглиси акасига ғамхўрлик қилмоқда.

Дониёр ака ҳунармандчиликнинг ёғочсозлик тури билан шуғулланган. Бир оз муддат сув хўжалигида мироблик ҳам қилган.

«Ҳаммангиздан узр сўрайман. Пул сўраётганим учун. Лекин у акам. Инсон ҳеч бўлмаса бир кун яшаши керак. Шифокорлар умид бор демоқда. Илтимос ёрдам қилинглар», - дейди сингил Албина Фазлутдинова.

Иккинчи беморимиз Жиззах вилоятидан келган 17 ёшли қизча Рустамова Зуҳра. Зуҳра шифохонага 2018 йил 30 апрель куни оғир аҳволда келган. Ҳозиргача 3 курс даволанган. Дорилар қиммат. Оиланинг асраб қўйган пуллари ҳам бемор қизга кетган. 

Зуҳра Тиббиёт коллежида таҳсил олади. Келажакда шифокор бўлмоқчи. Дарсларни аъло баҳоларга ўзлаштиради. Отаси ишсиз, онаси фирмада иш юритувчи. 

«Фарзандим жоним. Иншааллоҳ тузалса, турмушга бераман. Орзуларимиз кўп. Болам тузалиб, бахтли яшашини хоҳлайман. Менга бошқа ҳеч нарса керак эмас», - дейди беморнинг онаси Раджабова Фазилат.

Икки беморнинг шифокори, Наргиза Латиповадан уларнинг аҳволи ҳақида маълумот олдик. 

«Беморлар қийин аҳволда. Дорилар жуда қиммат. Ўзимизда бор дориларни беряпмиз. Лекин етмайди. Беморлар яхши парваришланса, тузалиш эҳтимоли кўп. Лекин дориларни сотиб олишга қийналишмоқда. Уларга моддий ёрдам жуда зарур. Қўлингиздан келса улардан ёрдамингизни аяманг», - дейди шифокор.

Беморларимиздан яна бири асли Фарғона вилоятидан келган 6 ёшли Умматалиева Мафтуна. Мафтуна кичиклигидан бошқа болалардек ширин ва ўйноқи бўлган. Атрофдагиларни умуман зериктирмаган. Ҳатто қўшиқчи Шахзоданинг мухлисаси бўлиб, унинг қўшиқларини ҳиргойи қилиб туради. Бироқ сўнгги 2 йилдан бери шу шифохонада. 7 курс даволанганидан сўнг Аллоҳнинг иродаси экан яна қайталанди. Оила бор пулини сарфлаб бўлди. Фарзанди тузалиши учун ҳамма нарсага тайёр оила яхшиларнинг кўмагига муҳтож. Онаси Нигора опанинг айтишича, ўйнаб кулиб юргани учун ҳам ҳали умид бор. Даволатишни тўхтатмаслик керак. У тузалиб кетиши мумкин.

Тўртинчи беморимиз Дусмурадов Хасанбой. Навоий вилоятидан келган. 4 ёшли Хасанбойнинг эгизаги ҳам шу касалликдан вафот этган. Онаси бу боласини асраб қолиш учун бор имкониятини ишга солмоқда. Бироқ камбағал оила дориларни сотиб олишга қийналмоқда. Оила боқувчиси фермер. Она ишсиз. Муштипар она Хасанбойнинг тузалишидан умидвор. У хайрия қилувчиларнинг охиратини Аллоҳ обод қилишини сўраб қолди.

Сўнгги беморимиз Жиззах вилоятидан келган Тотлибоев Бобуржон. Онаси Гулчеҳра опанинг айтишича, Бобуржон бир муддат аввал ҳолсизлана бошлаган. Ўзларининг ҳудудидаги шифохонага олиб борилган вақтда, шифокорлар тўғри ташхис қўя олмаган. Кейин оила Тошкентга келиб қон топширган. Болага оққон ташхиси қўйилган. Мана 6 ойдирки, уни даволашмоқда.

«Яхши инсонлар бордир. Яхши бўлиб қолар. Ўғлим яхши бўлиб кетса, тўйлар қиламан», - дея чуқур хаёлда гапирди онаси Озода Берданова.

Яхши инсонлар, беморларга қўлимиздан келган ёрдамни аямайлик. Уларнинг юраклари орзуларга тўлиб ётибди. Уларнинг ҳаётдан умидлари катта. Томирига томчилаб кираётган дориларни кузатаётган инсонларнинг қалби яхшиликка лиммо-лим. Айни вақтда улар сахий инсонлар ёрдамига муштоқ. Улардан моддий ёрдамимизни аямайлик. Қўлдан келганича эҳсон қилайлик, дуо қилиб уларнинг умри узоқ бўлишини сўрайлик. Бир-биримизга қилган яхшиликларимиз ўзимизга охиратда соябон бўлади. Зеро, Аллоҳ яхшиликларимизнинг ажрини берувчи меҳрибон зотдир.

Top