10:47 / 04.05.2018
4859
ХВЖ: «Хорижликлар учун статистиканинг очилиши - Ўзбекистон томонидан улкан қадам»
Фото: РИА «Новости» / Наталья Селиверстова

1 майдан Ўзбекистонда Йиғма маълумотлар миллий саҳифаси жорий этилди. Эндиликда хорижий инвесторлар ўзлари учун оддий бўлган шаклда маълумот олишлари мумкин.

Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) Ўзбекистоннинг Маълумотлар тарқатиш кенгайтирилган умумий тизими (МТУТ)га қўшилишни маъқуллаб, бу хорижий инвесторларнинг мамлакат бозорига киришига ёрдам беради, деб таъкидлади:

«Менинг ишончим комилки, Ўзбекистоннинг МТУТдан фойдаланиши ўз статистика тизимини янада ривожлантириш учун асос бўлиб хизмат қилади», - дея айтиб ўтди ХВЖ Статистика департаменти директори Луис Марк Дюшарм.

ХВЖ сайтида хабар берилишича, статистиканинг чет элликлар учун очилиши шаффофликни таъминлаш йўлида узоқ кутилган қадам бўлди.

«Эндиликда хорижий манфаатдор томонлар, шу жумладан, кредит, рейтинг ва бошқа ташкилотлар Ўзбекистонда ХВЖ томонидан ўта муҳим деб ҳисобланган реал вақт режимида маълумот олиш имкониятига эга бўлади», - дейилади хабарда. 

Эслатиб ўтамиз, саҳифада Халқаро валюта фонди (ХВФ) талаблари ва стандартлари асосида Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва «Тошкент» Республика фонд биржасининг талаб этилаётган категориялар бўйича статистика маълумотлари жойлаштирилган.

 

Top