15:28 / 21.02.2020
2
27030
Юнусобод метроси қурилишида вафот этганлар учун компенсация тўлаб берилмоқда

«Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятининг Юнусобод метро линияси қурилишидаги фожиа оқибатида ҳалок бўлган  ходими Зариф Каримовнинг оиласига 281 млн 671 минг сўмлик бир марталик нафақа белгиланди.

«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ матбуот хизмати берган хабарга кўра, Зариф Каримов оиланинг асосий боқувчиси бўлгани сабабли 12 февраль куни иш берувчи ва «Темирйўлсуғурта» суғурта компанияси томонидан марҳумнинг беваси Майсара Мавлоновна Ирисовага 281 млн 671 минг сўм миқдоридаги тўловлар ўтказиб берилган.

Бундан ташқари, марҳумнинг дафн маросими харажатлари учун 8 млн сўм ажратилган. Айни вақтда марҳумнинг қарамоғида бўлган беш нафар оила аъзосининг ҳар бирига 650 минг сўм миқдорида нафақа ҳар ой тўлаб борилиши бошланган.

Шунингдек, махсус комиссия қарори билан фожиа қурбони бўлган яна 5 марҳумнинг оилаларига ҳам бир марталик нафақа пуллари, шунингдек, меҳнатга лаёқатли бўлмаган оила аъзолари учун ойлик компенсация тўловларини белгилаган. Уларга тўловларни меҳнат шартномасини тузган фирма амалга оширади.
 
Эслатиб ўтамиз, 2019 йилнинг 18 декабрь куни Тошкент метрополитенининг янги қурилаётган Юнусобод йўналишида содир бўлган авария оқибатида 6 нафар қурувчи ҳалок бўлган эди.

Ўша куниёқ қурбонларнинг ҳар бири учун уларнинг оиласига 100 млн сўмдан компенсация тайинлангани ҳақида маълум қилинди.

Содир бўлган бахтсиз ҳодиса махсус текшириш комиссияси томонидан ўрганилди. Ўрганиш натижаларига кўра, бахтсиз ҳодисага хандақ қиялик деворини мустаҳкамлаш ишлари жараёнида йўл қўйилган камчиликлар, лойиҳадан четланиш ҳолати мавжудлиги, ёғингарчилик сувлари ҳамда оқова қувурларидан сизиб чиққан сувнинг интенсив тупроққа шимилиши сабаб бўлган.

Мавзу
Юнусободдаги фожиа
18 декабрь куни Тошкент метрополитени Юнусобод йўлининг янги қурилаётган қисмида ер ўпирилиши рўй бериб, 6 нафар ишчини тупроқ босиб қолди.
Барчаси
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top