15:54 / 01.02.2020
5
17663
Энергетика соҳаси 10 йилдан кейин қай ҳолатда бўлади? Вазир жавоб берди

2030 йилда Ўзбекистон ишлаб чиқараётган жами энергия ҳажмидаги қайта тикланувчи энергия улуши 30 фоизга етказмоқчимиз, деди Энергетика вазири Алишер Султонов.

Энергетика вазири Алишер Султонов бугун, 1 феврал куни И.М.Губкин номидаги Россия давлат университетининг Тошкентдаги филиалида бўлиб, ёшлар, ўқитувчилар ва ОАВ вакиллари билан учрашди.

Учрашув давомида Султоновга: «Энергетика соҳасини 5 йилдан кейин қандай тасаввур қиласиз?» деган савол билан мурожаат қилинди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

«Мен 5 йил эмас, 10 йил кейин – 2030 йил тўғрисида гапирсам. Сабаби айнан 2030 йилга мўлжалланган улкан режалар тузганмиз. Президент топшириқларида ҳам 2030 йилгача бўлган стратегиямиз белгилаб берилган.

Айтишим мумкинки, 2030 йилда биз умумий олинаётган энергия ҳажмидаги қайта тикланувчи энергия ҳиссасини 30 фоизга етказмоқчимиз. Шуни таъкидлашни истардим, кўпчилик давлатлар, хусусан қўшниларимиз ҳам ҳали бундай кўрсаткич билан мақтана олмайди. Бизда йилнинг 160 куни қуёшли, шамолли. Ҳудудларимиз ҳам кўп ва бундан самарали фойдаланишимиз керак.

Қолаверса, бу йил Президентимиз томонидан «Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» деб эълон қилинди. Биз соҳамизни рақамли тизимга ўтказиш бўйича ҳам етакчи бўлишимиз керак», – деди Алишер Султонов.

Энергетика вазири ўз нутқида президент мурожаатидан келиб чиқадиган вазифалар, соҳа муаммоларини ечишда ёшларнинг ўрни, вазирлик амалга оширмоқчи бўлган режаларга тўхталиб ўтди. Ёш мутахассислар ва талабаларнинг янги лойиҳалари, халқаро олимпиадаларда қатнашиш, спорт комплекслари фаолиятини йўлга қўйиш каби ташаббусларини қўллаб-қувватлади.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top