17:49 / 05.03.2021
93478
Катта Фарғона каналида чўкиб кетган 16 ёшли йигитнинг жасади 2,5 ойдан сўнг топилди

2020 йил 22 декабрь куни Ёзёвон туманида 16 ёшли бола Катта Фарғона каналига тушиб, оқиб кетган эди. Унинг жасади бугун, 5 март куни топилди.

А.А.нинг жасади у чўкиб кетган жойдан 2–3 км узоқликдан топилган. Бу ҳақдаги маълумотни Ёзёвон тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Азимжон Ҳудойқулов Kun.uz'га тасдиқлади.

«Ёзёвон туманининг Бўтқачи қишлоғида яшаган 10-синф ўқувчиси А.А. Катта Фарғона каналига чўкиб кетган эди. Икки таниши ҳамроҳлигида бўлган вояга етмаган А.А. ўтган йилнинг 22 декабрь куни баъзи сабабларга кўра кийимларини ечиб, Катта Фарғона каналига тушган ва чўкиб кетган.

Вилоят фавқулодда вазиятлар, ички ишлар бошқармалари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар қутқарув гуруҳи томонидан қутқарув ишлари олиб борилган. Йигитнинг жасади бугун тушдан олдин топилди. Ҳозирда суд-мед тиббий экспертизаси олиб борилмоқда», – деди ҳокимлик вакили Kun.uz билан суҳбатда.

Эслатиб ўтамиз, Kun.uz воқеа тафсилотларини ёритган эди. Марҳумнинг қариндошларидан бирининг айтишича, боланинг анча совуқ ҳавода сувга тушишига дўстлари билан гаров ўйнаши сабаб бўлган.

Боланинг отаси икки йиллик муҳожирликдан сўнг, айнан ўша куни Россиядан уйига қайтган, аммо фожиа сабаб ўғлини кўра олмаган.

Top