Жаҳон | 07:40 / 24.05.2024
3444
3 дақиқада ўқилади

Шолц ЕИда ядро қуроли пайдо бўлишини нореал деб атади

Европа Иттифоқи ўзининг ядро қуролига эга бўлмайди, деди Германия канцлери. Шу билан бирга, у Европада оддий кучларни мустаҳкамлаш масаласини муҳокама этиш зарурлигига ишора қилди.

Фото: AP

Германия канцлери Олаф Шолц Европа Иттифоқининг ўз ядро қуролига эга бўлиши эҳтимолини рад этди. «Аниқ бўлиши керак: «Европа Иттифоқи ядро қуроли» бўлмайди – бу шунчаки нореал», — деб ёзди Шолц 23 май, пайшанба куни чоп этилган The Economist журнали учун мақоласида.

Шолц Франция президенти Эммануэл Макроннинг «НАТО Европа устунини мустаҳкамлаш» учун Европа келажакдаги мудофаасини муҳокама қилиш таклифини қўллаб-қувватлашини билдирди. Шу билан бирга, у Европа Иттифоқи Франция ядровий тийиб туриш кучлари суверенитетига тажовуз қилмоқчи эмаслигини таъкидлади, аммо у Макроннинг Франция ядровий кучларининг «Европа ўлчови» ҳақидаги баёнотларини олқишлаган.

«Биз Европани ҳимоя қилиш ва ҳар қандай тажовузкорни – бугун ва келажакда тўхтатиш учун имкониятлар тўғри комбинациясига қандай эришишни муҳокама қилишимиз керак», деди Германия канцлери. Унинг сўзларига кўра, ядровий тўхтатувчи воситадан ташқари, Европа Иттифоқига аъзо давлатлар одатий ҳарбий имкониятлар, жумладан ҳаво ва ракеталарга қарши мудофаа, кибер ва космик жиҳатлар ҳамда аниқ зарба берувчи ракеталарни кўриб чиқмоқда. 

Германия Европадаги энг кучли оддий қуролли кучларни яратмоқчи

Economist журналида Шолц, шунингдек, Германиянинг хавфсизлик ва мудофаа сиёсатидаги «мисли кўрилмаган, тектоник силжишлар»га ишора қилди. «Биз армиямизни қайта қуриш ва модернизация қилиш учун 100 миллиард евролик жамғармани яратиш мақсадида конституцияни ўзгартирдик. Мақсадимиз Бундесверни Европадаги энг кучли оддий қуролли кучларга айлантиришдир», деб ёзади у. Қайд этилишича, келажакда «Иккинчи жаҳон урушидан сўнг биринчи марта Германиядан ташқарида - Литвада тўлақонли жанговар бригадани доимий равишда жойлаштиради.

Шу билан бирга, Германия ҳукумати раҳбари яна бир бор НАТО қарама-қаршиликка интилмаслигига ва алянсни можаро томонига айлантирадиган ҳеч қандай қадам ташламаслигига ишонтирди. 

Мавзуга оид