Россия ТИВ СССР даврида Марказий Осиёда юз берган очарчилик мавзуидаги чиқишларни иғвогарлик деб атади
1930-йилларда СССРда юз берган очарчиликни аҳолининг айрим гуруҳларини «қириш» деб тасвирлаш ҳеч қандай асосга эга эмас ва Россияга қарши кайфият уйғотишга қаратилган. Бу ҳақда Россия ТИВ баёнотида айтилади.
«Кейинги вақтда Марказий Осиёдаги қатор давлатлар ахборот маконида ўтган асрнинг 30-йилларида юз берган очарчилик мавзуси сунъий равишда бўрттирилмоқда. Бунда миллатчилик нуқтаи назари тарафдорлари ўз мамлакатлари жамоатчилигига мазкур фожиани «одамларнинг очликдан ёппасига қирилиши» ва ҳатто СССР раҳбарияти томонидан ҳудуднинг туб аҳолисини «қирғинбарот» қилиш деган фикрни сингдирмоқда», – дейилади баёнотда.
ТИВнинг қайд этишича, тарихий ҳужжатлар мамлакатнинг кенг ҳудудини қамраб олган очарчилик натижасида 7 млнга яқин киши, жумладан Россия ҳудудида 2,5 млндан ортиқ киши ҳалок бўлгани ҳақида гувоҳлик беради.
«30-йиллардаги очарчилик оммавий ва танланмаган тусда бўлган. У кучли қурғоқчилик ва ҳукуматнинг ўта ортиқча чоралари туфайли (буғдой тайёрлашга қўйилган ўта юқори квоталар, озиқ-овқатнинг мусодара қилиниши, маҳсулот сотишни тақиқлаш) ҳосил етиштирилмаслиги натижасида бошланган. Мазкур чоралар СССРнинг барча деҳқончилик ҳудудларида ҳеч қандай истисносиз бир хил қатъийликда амалга оширилган», – дейилади баёнотда.
ТИВнинг таъкидлашича, СССР халқлари учун умумий бўлган фожиани аҳолининг айрим гуруҳларини ирқий, миллий ва диний келиб чиқиши асосида «қирғинбарот» қилиш дея ифодалаш энг камида «бирор асосга эга эмас, кўпи билан эса – Россияга қарши кайфият уйғотиш ва рус тилида сўзлашувчи аҳолиси кўп бўлган дўст мамлакатларда миллатлараро низо уйғотишга қаратилган иғвогарлик» ҳисобланади.
Баёнотда очарчиликка сабаб бўлган фожиавий хатолар 1933 йилда тан олингани, совет ҳукумати жабрланган ҳудудлар, жумладан Марказий Осиёга кенг миқёсдаги озиқ-овқат ёрдами ташкил этгани таъкидланади.
«Ишонамизки, «миллатчилик қартаси»дан фойдаланиб тарихий далилларнинг ўрнини алмаштириш орқали россияликлар билан биродар Марказий Осиё халқларини чалғитиб бўлмайди. Тарихга, айниқса, унинг мураккаб саҳифаларига баҳони биринчи навбатда ўз давлатлари ҳукуматларининг қўллаб-қувватлаши орқали тарихчи олимлар ва бошқа мутахассислар беришлари керак. Яқин вақт ичида уларга ёрдам бериш учун XX асрнинг 30-йилларидаги очарчилик мавзусини холисона ёритадиган янги архив ҳужжатлари илмий ва ахборот айланмасига киритилади», – дейилади Россия ТИВ томонидан.
Мавзуга оид
14:59 / 15.12.2024
КГБни доғда қолдирган аёл – Сталиннинг қизи нега АҚШга қочиб кетганди?
14:37 / 08.12.2024
КГБ бошлиғидан давлат раҳбарига айланган шахс – қаттиққўл Андропов суиқасд қурбони бўлганми?
12:13 / 07.12.2024
9 марта қамоқдан қочган ашаддий жиноятчи: “Айёр Ванка” ким эди?
15:18 / 24.11.2024