Жамият | 18:15 / 16.12.2022
37189
5 дақиқада ўқилади

“Абортларнинг катта қисми боланинг жинси қиз бўлгани учун қилинади” — шифокор ҳикояси

“Исм-шарифимни ошкор қилмайман, чунки мен жуда кўп оилаларда туғилмаган қизларнинг ота-оналарига қўшилиб уларнинг қотилига айланганман”.

Фото: KUN.UZ

Kun.uz'нинг “Ҳаётий ҳикоялар” рукнида кўп йиллар туғуруқхонада ишлаган олий тоифали акушер-гинеколог касбидаги аччиқ ҳақиқатлар ҳақида гапириб берди.

Қиз туғган айбдорми?

Кўп йиллар туманимиздаги туғуруқхонада ишладим, ҳозир пенсиядаман. Касбим тақозоси билан аёлларда исталмаган ҳомиладорликни тўхтатиш учун аборт ҳолатларига ҳам қўл урганмиз.

Туманимиздаги жуда кўпчиликнинг дунёга келишига гувоҳ бўлганман. Бир кўчада яшайдиган қўшним билан бўлган ҳолат ҳеч эсимдан чиқмайди. Ёш оилада кетма-кет икки қиз фарзанд дунёга келди. Шундан кейин аёлнинг фикри-зикри фақат ўғил фарзанд кўриш, турмуш ўртоғини хурсанд қилишдан иборат бўлиб қолди. Қабулимга келиб ўғил кўриш учун нима қилиш мумкинлиги ҳақида сўрарди. Кўнглини кўтариб ҳали қаторлаштириб ўғиллар кўришини айтсам, маҳзун хўрсиниб қўярди. Турмуш ўртоғи ўғил кўришни хоҳлаётганини, ошналарининг хотинлари ўғил туғганда уйида жанжал бўлганини айтди.

Аёл нимжон, устма-уст туғуруқлардан кейин ҳали тикланишга улгурмаган, камига камқон эди. Бундай вазиятларда биз шифокорлар уларга ҳаммасини тушунтирамиз. Лекин кўпинча гапларимиз улар остона ҳатлаб уйга кирган заҳоти унутилади. Чунки оилада кўп нарса эр-хотиннинг ўзаро ҳамфикрлиги, бир-бирини қўллаб-қувватлашига боғлиқ.

Афсуски, қўшни келин шундан кейин тез орада яна ҳомиладор бўлган экан. Яна қиз кўрди. Хуллас, ҳар сафар “буниси ўғил бўлади” деган ўй билан туғилган уч қизнинг ораси бир ёшдан, тез-тез касал бўлишади. Онанинг аҳволи ундан ҳам баттар. Учинчи қиз фарзанддан кейин онанинг саломатлигида жиддий ўзгаришлар кузатила бошланди.

Уч фарзандни 9 ойдан вужудида кўтариш, оғир туғуруқлар, туғуруқдан кейин чақалоқ бир ёшга кирмасдан кейинги ҳомиладорлик – булар ҳаммаси унинг организмини ҳаддан ташқари зўриқтирган эди. Лекин шунга қарамай дурустроқ даволаниш ҳақида ўйламасди. Қиз туққани учун ўзини айбдор ҳисоблар эди.

Қиз учун сўйилмаган қўчқор

Ваниҳоят аёл тўртинчи фарзандига ҳомиладор бўлди. Эр-хотин умид билан ўғил кутарди. Ултратовуш текширувларида боланинг жинсини ўғил дейишган экан. Улардан бахтиёр одам йўқ эди. Чақалоқ туғилса сўйиладиган қўчқоргача, исмигача тайёр, фақат ўғилнинг дунёга келиши кутилаётганди. Тақдирни қарангки, яна қиз туғилди. Ота сўкинганча чиқиб кетди, она йиғлаганча қолди. Улар учун дунёдаги энг катта фожиа бошларига тушгандай, оилада янги чақалоқ эмас, катта кулфат туғилгандай эди.

Бу кайфият оиланинг тотувлигини ҳам йўқотди десам хато бўлмайди. Ҳозир тўрт фарзандли оила катта оила ҳисобланади. Киракашлик қилиб рўзғор тебратадиган ота олиб келганини ўғил туғмагани учун “тили қисиқ” она амал-тақал қилиб етказишга ҳаракат қиларди. Болаларни ўқитиш, таълими учун пул ажратиш охирги даражали иш эди.

Бўлакланган ўғил фарзанд

Бир куни ишхонамга эр-хотин қидириб келишди: аёл яна ҳомиладор экан. Аммо эри яна қиз туғилишидан қўрқиб болани олдиришга келишибди. “Барибир яна қиз туғилади, ўзи шуларни эплаб катта қилсак ҳам катта гап”, деди.

Текширувларда ҳомиланинг жинсини ҳарчанд уринмайлик аниқлаб бўлмади, лекин анчагина катта экани маълум бўлди. Бундай ҳолатда ҳомила бўлакларга бўлиб, аборт қилинади. Биламан, бу катта гуноҳ. Лекин касбимиз шуни талаб қилади. Ота-онанинг талаби билан 4 ойлик болани ҳам шундай йўл билан бўлаклаб олдик. Не кўз билан кўрайки, чақалоқ ўғил эди. Бундан хабар топган эр-хотиннинг аҳволини тасвирлаш мушкул.

Кўп ҳолларда қиз бўлса, воз кечилади

Тажрибамда кўп кузатганим учун айтаман: абортларнинг катта қисми боланинг жинси қиз бўлгани учун қилинади. Баъзида шу сабаб билан қабулимга келган аёллардан нега боладан воз кечаётганини сўрасам: “Эрим қизни кўпам хоҳламаяпти. Қиз боланинг тақдири қийин бўлади, керакмас, олдириб ташла, деди. Ўзим ҳам шу фикрдаман” дейишади.

Ҳозир нафақадаман ва ўзимнинг беш нафар қиз неварам бор. Ҳар гал уларни кўрганимда, эркалаганимда кимлардир шундай ширин неъматдан воз кечганини ва буни менинг қўлларим билан амалга оширганини ўйлаб азобланаман. Чунки бугун қиз бўлгани учун туғилганда онаси ўкинган, отаси хурсанд бўлмаган аёллар бугун ота-онасининг кунига яраётганини кўряпман.

Мавзуга оид