Жаҳон | 08:35 / 25.05.2024
6826
2 дақиқада ўқилади

Боку Арманистон билан чегарадош тўрт қишлоқни назорат остига олди

Озарбойжон чегарачилари 1990-йиллардан бери Арманистон назоратида бўлган тўртта қишлоқ устидан назорат ўрнатган. Ереван ва Боку қўшинларини шимолий чегарадан олиб чиқиб кетишди.

Фото: AP

Озарбойжон чегара хизмати 1990-йиллардан бери Арманистон назоратида бўлган тўртта қишлоқ ҳудуди устидан назорат ўрнатди. Бу ҳақда 24 май, жума куни Озарбойжон ОАВ Арманистон билан чегарани делимитация қилиш бўйича комиссияга раҳбарлик қилаётган республика бош вазири ўринбосари Шаҳин Мустафоев матбуот хизматига таяниб хабар берди. Озарбойжон чегарачилари Баганис-Айрум, Ашаги-Аскипара, Хейримли ва Қизилгажили қишлоқларини назорат остига олди.

Ўз навбатида, Арманистон Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ) 24 майдан бошлаб арман чегарачилари Тавуш вилоятидаги учта чегара қишлоқлари – Беркабер, Воскепар ва Баганис ҳудудларини қўриқлашни бошлаши ҳақида хабар берди. Қўриқланадиган ҳудуднинг узунлиги деярли 7 километрни ташкил қилади. «Давлат чегарасининг Киранц қишлоғи яқинидаги 5,8 километрлик участкасини қўриқлаш 2024 йил 24 июлгача ўтиш схемаси бўйича амалга оширилади», — дея қўшимча қилди МХХ.

Шу тариқа, Арманистон ва Озарбойжон шимолий чегарадан қўшинларини олиб чиқиб, ҳудудлар устидан назоратни чегара хизматларига топширди.

Арманистонда кенг кўламли намойишлар

Май ойи бошидан бери Арманистонда Озорбайжонга ҳудудий ён беришларга қарши кенг кўламли намойишлар бўлиб ўтмоқда. 13 май куни «Тавуш ватан учун» норозилик ҳаракати раҳбари архиепископ Баграт Галстанян минглаб тарафдорларини норозилик фаоллигини кучайтиришга чақирди. Аввалроқ у Арманистон бош вазири Никол Пашинянга истеъфога чиқиш учун ултиматум қўйганди. Намойишлар пайтида юзлаб намойишчилар қўлга олинган.

Ереван 4 та ҳудудий бирликни Бокуга бой берди

Аввалроқ Арманистон ташқи ишлар вазирлиги Ереван ва Боку чегаранинг алоҳида участкаси бўйича демаркация, жумладан, Тавуш вилояти ва Озарбойжон шимоли-ғарбий Ғазах вилояти ўртасидаги тўртта қишлоқ ҳудудий мансублиги ҳақида аввал келишиб олганини маълум қилганди. 1990-йилларнинг бошидан бу ҳудудлар Арманистон томонидан назорат қилинган, аммо 2020 йилда мамлакатлар ўртасидаги ҳарбий можаро натижасида улар Озарбойжонга ўтган.

Мавзуга оид