Жаҳон | 17:18 / 20.05.2024
9047
2 дақиқада ўқилади

Ҳаага суди прокурори Нетаняҳу ва Ҳамас етакчиларини ҳибсга олишни сўради

Фото: The New York Times

БМТ Халқаро жиноят суди прокурори Карим Аҳмад Хон Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу, исроилликлар мудофаа вазири, шунингдек фаластинликларнинг Ҳамас гуруҳининг уч етакчисини ҳибсга олиш учун ордер беришни сўраган. Хоннинг ҳисоблашича, уларнинг барчаси Ҳамаснинг Исроилга ҳужуми вақтида, шунингдек бунга жавобан Исроил кучлари Ғазо секторида бошлаган амалиёт вақтида ҳарбий жиноятлар содир этилишида айбдордир.

Халқаро жиноят суди сайтида эълон қилинган расмий хабарда ёзилишича, Ҳамаснинг Ғазодаги етакчилари Яҳё Синвар, гуруҳнинг сиёсий қаноти раҳбари Исмоил Хония, шунингдек унинг ҳарбий қаноти раҳбари Муҳаммад Диаб ал-Масрий инсониятга қарши жиноятлар, шунингдек ҳарбий жиноятлар содир этишда айбдор саналади.

Хоннинг баёнотида Нетаняҳу ва Исроил мудофаа вазири Йоав Галант бошқа нарсалар қатори, очликдан уруш олиб бориш воситаси сифатида фойдаланиш, тинч аҳолини ўлдириш ва бошқа ҳарбий жиноятларида айбдор экани келтирилган.

Сўнгги кунларда исроиллик расмий шахслар ХЖС Исроил ҳукуматининг юқори мартабали амалдорларини ҳибсга олишга ордер тайёрланаётганидан хавотир билдираётганди, бу Ғазода ўтган йил октябрида бошланган уруш даврида Исроилга қарши қўлланган энг жиддий халқаро ҳуқуқий чора бўлади.

Ҳаагада жойлашган Халқаро жиноят суди БМТнинг энг юқори инстанция суди  ҳисобланади. Аммо Исроил Рим статутини ратификация қилмаган ва ХЖС юрисдикциясини тан олмайди.

7 октябр куни Ҳамас ва бошқа кичик гуруҳлар аъзолари Исроил жанубига бостириб кириб, камида 1200 кишини ўлдирган (уларнинг аксари тинч аҳоли вакиллари бўлишган) ва 240 га яқин кишини гаровга олишганди.

Бунга жавобан Ғазода Исроил томонидан бошланган вайронкор юриш шу вақтгача 35 мингдан ортиқ кишини ҳаётдан олиб кетди, уларнинг кўпчилик қисми аёллар ва болалардир.

Мавзуга оид