Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Президент: «Ўтмишдаги ютуқларидан куч олиб, хатоларидан хулоса чиқариб яшайдиган халқ ўз тараққиёт йўлини тўғри белгилай олади»
2021 йил 31 август куни истиқлолнинг ўттиз йиллигига бағишлаб бунёд этилган “Янги Ўзбекистон” боғи ва Мустақиллик монументининг тантанали очилиш маросими бўлди.
Фото: Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди
Давлат раҳбари матбуот хизмати хабарига кўра, тадбирда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.
- Бугун барчамиз, кўпмиллатли бутун халқимиз жонажон Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз йиллик қутлуғ байрамининг қувончи ва шукуҳи билан яшамоқдамиз. Азал-азалдан обод шаҳар ва қишлоқлар, боғ-у роғлар, бетакрор маданий обидалар бунёдкори сифатида шуҳрат қозонган меҳнаткаш ва олийжаноб халқимиз пандемия ва глобал иқтисодий инқироз таъсирига қарамасдан, ушбу тарихий санани муносиб меҳнат зафарлари, улкан ютуқ ва ғалабалар билан кутиб олмоқда, - деди давлат раҳбари.


Боғнинг марказий қисмида муҳташам бадиий обида – Мустақиллик монументи барпо этилди.
- Биз бугун Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллик байрамини кенг нишонлаяпмиз. Лекин аслида, Ўзбекистон ҳудудидаги миллий давлатчилик тарихи 3 минг йилдан зиёд даврни ташкил этади. Бу жаҳон фанида эътироф этилган илмий ҳақиқатдир. Ушбу монументни яратишда мана шу концептуал ғояни ёрқин ифода этишга ҳаракат қилдик, - деди Шавкат Мирзиёев.
Маълумки, эл-юртимиз ўзининг қадимий ўтмиши давомида шонли воқеаларни, турли синов ва қийинчиликларни, зафарли даврлар билан бирга, фожиали кунларни ҳам бошидан кечирган. Мустақиллик монументида булар бадиий акс эттирилган.


- Ўтмишдаги ютуқ ва ғалабаларидан куч-қувват олиб, хато ва мағлубиятларидан хулоса ва сабоқ чиқариб яшайдиган халқ ўзининг тараққиёт йўли ва келажагини тўғри белгилай олади. Шу сабабли, биз ушбу ёдгорлик тимсолида Ўзбекистонимизнинг қадимги тарихидан бошлаб то бугунги кунга қадар юз берган энг муҳим воқеаларни муҳрлашга қарор қилдик, - деди президент.

Тинчлик ва эркинлик, эзгулик ва фаровонлик тимсоли бўлган, кўкда мағрур парвоз қилаётган Ҳумо қуши тасвири монументнинг энг юқори қисмида – бамисоли унинг гултожи бўлиб ўрин эгаллаган.
- Мустақиллик монументи она Ватанимиз, мард ва жасур, тинчликсевар ва меҳнаткаш, қаҳрамон халқимиз шарафига бунёд этилган буюк обида сифатида қад ростлади. Монумент пойига битилган: “Халқимиз тарихида эзгу из қолдирган барча аждодларимиз доимо қалбимизда”, деган чуқур маъноли сўзлар ота-боболаримиз хотирасига бугунги авлодларнинг юксак ҳурмат ва эҳтиромини англатади, - деди Шавкат Мирзиёев.

Президент Шавкат Мирзиёев жамоатчилик вакиллари билан бирга Мустақиллик монументини очди. Мажмуа пойига гуллар қўйилди.
Мавзуга оид
10:01 / 21.03.2026
Шавкат Мирзиёев: қишлоқ ва маҳаллаларга Янги Ўзбекистон руҳи кириб бормоқда
09:10 / 08.12.2025
Исломободда “Янги Ўзбекистон” массиви ва боғи барпо этилади
17:00 / 27.10.2025
«Янги Ўзбекистон» боғида оммавий югуриш марафони бўлиб ўтди
18:03 / 24.08.2025