Ўзбекистон ёшлари Қуролли Кучлар сафига муддатли ҳарбий хизматни ўташ учун жўнаб кетишмоқда
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 13 январдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида мамлакатнинг турли ҳудудларида чақирилувчиларни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафига муддатли ҳарбий хизматга кузатиш маросимлари бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда ЎзА маълум қилмоқда.
Ана шундай тадбирлардан бири Бухоро вилояти мудофаа ишлари бошқармаси йиғин пунктида ёшларни миллий армиямиз сафларига тантанали кузатиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Қуролли Кучлар тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар туфайли миллий армиямиз юртимиз тинчлиги, сарҳадларимиз дахлсизлиги ва халқимиз осойишталигини ишончли ҳимоя қилишга қодир, жисмонан ва маънан баркамол ҳарбийлар билан таъминлангани таъкидланди.
– Гарчи Бухоро маданият коллежини тугатиб, вилоят мусиқали драма театрида ишлаётган бўлсам-да, ҳарбий бўлиш орзуси бир зум хаёлимни тарк этгани йўқ, – дейди Бухоро шаҳридан бўлажак аскар Рафиқ Икромов. – Бугун жуда бахтиёрман. Аммо бунга эришиш осон бўлгани йўқ. Тарих, ўзбек тили, математика фанларидан ўтказилган тест синовлари ва жисмоний тайёргарлик бўйича мусобақада яхши натижаларга эришганим боис, сараланганлар қаторидан ўрин олдим. Муддатли ҳарбий хизматдан сўнг, албатта, шу соҳада олий маълумот оламан ва профессионал ҳарбий бўламан.
Жиззах вилояти мудофаа ишлари бошқармаси йиғин пунктида ўтказилган маросимда ҳам ҳудди ана шундай кўтаринки ва мардона кайфият ҳукмронлик қилди. Вилоят ҳокимлиги, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ва бошқа ташкилотлар вакиллари иштирок этган маросимда бўлажак аскарларнинг ота-оналари қатори Зомин туманининг Ём қишлоғидан набираси Боймир Қаршибоевни кузатишга келган 63 ёшли отахон Мирзааҳмад Қаршибоев бугун ҳарбий хизмат нима сабабдан барчада ҳавас уйғотишини соддагина қилиб айтиб берди.
– Хизматга Урганчдаги "Темурбеклар мактаби"ни битириб бораяпман, – дейди Боймир Қаршибоев. – Президентимиз, халқимизнинг биз, ёшларга билдирган юксак ишончига жавобан, ҳарбий хизматчи, офицер бўлишга аҳд қилдим. Муддатли хизматни ўтаб бўлгач, ҳарбий олий ўқув юртига, ундан сўнг ҳарбий академияда ўқимоқчиман.
Андижон вилояти ҳокимлиги, Шарқий ҳарбий округ қўмондонлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, бўлажак аскарларнинг ота-оналари иштирок этган тадбирда миллий армиямизни янада такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар юксак самаралар бераётгани таъкидланди.
Қорақалпоғистон Республикаси Мудофаа ишлари бошқармаси йиғин пунктида ўтган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар, чақирилувчиларнинг ота-оналари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, ёшлар иштирок этди. Тадбирда ёшларга “Маҳалла” жамғармаси Қорақалпоғистон Республикаси бўлимининг совғалари топширилди.
– Муддатли ҳарбий хизматга чақирилганимдан жуда хурсандман, сабаби отам ҳам бир умр ҳарбий бўлган, ҳозир нафақада. Мен ҳам отам каби ҳарбий бўлмоқчиман. Мана, бугун дастлабки қадамни ташладим. Кейинчалик ҳарбий олий ўқув юртига кириб ўқиш ниятим бор, – дейди Нукус шаҳридан муддатли ҳарбий хизматга чақирилган Абубакр Абдимуратов.
Маълумот ўрнида: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йилнинг 2 февраль куни имзоланган тегишли Фармонига мувофиқ сафарбарлик чақируви резерви хизматига қабул қилинган фуқаролар томонидан махсус ҳисобрақамига тўланадиган пул бадали жорий йилнинг 5 февралидан бошлаб энг кам ойлик иш ҳақининг 20 баробари, яъни 3 444 800 сўм этиб белгиланди. Унга қадар сафарбарлик чақируви резерви хизматига олинган фуқаролар томонидан тўланадиган пул бадали энг кам ойлик иш ҳақининг 27,5 баробари, яъни 4 736 600 сўмни ташкил этган.
Мавзуга оид
00:33 / 13.12.2024
Финландия сафарбарликдан қочган россияликларга бошпана бермай қўйди
16:16 / 04.12.2024
Россия армиясига кўнгиллилар оқими сезиларли қисқарди — тўлов икки баробар ортган бўлса ҳам
00:28 / 28.11.2024
АҚШ Украинани ҳарбий хизматга чақирув ёшини 18 га туширишга чақирмоқда
23:13 / 23.11.2024