Иқтисодиёт | 16:18 / 18.01.2016
6924
2 дақиқада ўқилади

Қўнғирот сода заводи қуввати 2 баравар ошади

Хитойнинг CITIC компанияси Ўзбекистондаги Қўнғирот сода заводи қувватини оширади. Бу ҳақда лойиҳа буюртмачиси бўлган “Ўзкимёсаноат” вакилига асосланиб, Sputnik агентлиги хабар берди . 

2012 йилда Хитойнинг CITIC Ltd компанияси ва “Ўзкимёсаноат” АЖ Қўнғирот сода заводи қувватини икки бараварга ошириб, йилига 200 минг тоннага еткизиш учун асбоб ускуналар лойиҳалаштириш ва еткизиюб бериш борасида шартнома имзолашганди.

“Янги асбоб-ускуналар ўрнатилган ва синов тартибида ишга туширилган, яқин икки ой ичида завод тўлиқ қувват билан ишлай бошлайди”, — деди “Ўзкимёсаноат” вакили.

Лойиҳа учун керак бўлган сармоянинг 77 млн доллар Эксимбанк томонидан, 14,4 млн доллар — Ўзбекистон тараққиёт фондидан ва қолган қисмини “Ўзкимёсаноат” томонидан киритилган.

2008 йилнинг августида CITIC Ltd умумий қиймати 250 млн доллар бўлган Қўнғирот сода заводини ишга туширди. Завод қуввати йилига 100 минг тонна содани ташкил қилади. Собиқ Иттифоқ даврида Ўзбекистонга йилига 150-160 минг тонна кальцийлаштирилган сода олиб келинар эди. Бугунги кунда республикада ушбу маҳсулотга бўлган эҳтиёж 70-80 минг тоннани ташкил қилмоқда.

Заводнинг хом ашё базаси “Борсакелмас” ош тузи кони ва “Жамансой” оҳак конлари ҳисобланади.

Кальцийлаштирилган сода ёки натрий карбонати жуда кўп соҳаларда ишлатилади. Ойна (шиша) ва эмал бўёқлар саноатида, турли хил тозалаш кимёвий моддалари, кир ювиш кукунлари ва совун ишлаб чиқаришда. Ундан ташқари, натрий карбонати сувнинг қаттиқлигини юмшатишда, чўян саноатида ва металларни ёғсизлантиришда ҳам ишлатилади.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш