Иқтисодиёт | 08:52 / 23.01.2017
4258
1 дақиқада ўқилади

Хитойда хотира чиплари ишлаб чиқарувчи заводга 30 млрд доллар сармоя киритилади

Фото: The Wall Street Journal

Хитойнинг чиплар ишлаб чиқарувчи давлат компанияси Tsinghua Unigroup Нанкин шаҳрида хотира модуллари ишлаб чиқарувчи 30 млрд долларлик завод қуриш режасини маълум қилди.

Охирги йилларда микросхемалар ишлаб чиқарувчи бир қатор компанияларни сотиб олган Tsinghua ҳозирда Уханда хотира чиплари ишлаб чиқарувчи 24 млрд долларлик завод қурилишида иштирок этмоқда.

Нанкиндаги завод DRAM чиплари ва 3D NAND флеш-хотиралари ишлаб чиқаради. Компания хабарида айтилишича, лойиҳанинг биринчи босқичи 10 млрд долларга айланади. Заводнинг 1-босқичи амалга оширилгандан кейинги ишлаб чиқариш қуввати ойига 100 минг яримўтказгичли пластинани ташкил қилади. Завод қурилиши якунланиши ва тўлиқ ишлаб чиқариш қувватига чиқиши саналари маълум қилинмаган.

Ҳозирда Хитой кучли яримўтказгичлар саноатини яратиш бўйича анчагина саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда. Ўтган йили Хитой ҳукумати маҳаллий яримўтказгичлар саноатини мустаҳкамлаш бўйича лойиҳаларга 10 йил давомида 160 млрд доллар сармоя киритиш режаларини маълум қилганди.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид