Ўзбекистон | 14:55 / 05.12.2017
52242
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда МДҲда ягона бўлган янги завод барпо этилади

Ўзбекистонда Мустақил давлатлар ҳамдўстлигида ягона бўлувчи ҳамда жаҳон саноат аккумуляторлари бозорида етакчи корхоналардан бири бўлиши кутилаётган завод барпо этилади. «Ўзиккиламчиранглиметалл» АЖ матбуот хизматининг хабар беришича, завод Unicor Co. Ltd (Ж.Корея) компаниясининг юқори технологик ускуналари билан жиҳозланади. 

Мазкур лойиҳа ҳукумат қарори билан амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори билан “Ишлаб чиқаришни таркибий ўзгартириш, модернизациялаш ва диверсификациялаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги дастури ишлаб чиқилди ҳамда унинг доирасида «Ўзиккиламчиранглиметалл» АЖга саноат аккумуляторларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш топширилди.

Қурилиши режалаштирилаётган завод. Фото: «Ўзиккиламчиранглиметалл» АЖ матбуот хизмати

Лойиҳа самараси ўлароқ муқобил энергия, уяли алоқа, мудофаа тизимида янги ва замонавий технологиялар жорий этилиб, заҳира қувват манбалари оширилади.

Ўзбекистонда муқобил энергия манбаларидан, энг аввало қуёш энергиясидан фойдаланиш соҳасида илмий ва экспериментал тадқиқотлар олиб бориш борасида салмоқли тажриба тўпланган бўлиб, улар юзасидан бир қанча ўн йиллар мобайнида ишланмалар олиб борилмоқда. 

«Ўзиккиламчиранглиметалл»да саноат аккумуляторлари ишлаб чиқарилишининг йўлга қўйилиши ушбу соҳада муҳим аҳамият касб этади. 

Саноат аккумуляторлари. Фото: «Ўзиккиламчиранглиметалл» АЖ матбуот хизмати

“Янги заводнинг қурилиши бир томондан Ўзбекистонда саноат аккумуляторларига бўлган талабни қондирса, иккинчи томондан унинг экспортга етказиб берилишини таъминлайди”, — дейди лойиҳа менежери Беҳзод Юнусов.

Ўзбекистон ҳудудида саноат соҳасида муҳим аҳамият касб этадиган замонавий йирик корхона 2018 йил ўрталарида барпо этилади.

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид