Жаҳон | 18:03 / 09.12.2017
24504
2 дақиқада ўқилади

Тожикистон ТИВ раҳбари мамлакат учун жиддий таҳдид ҳақида маълум қилди

Фото: News.tj

Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожиддин Аслов Афғонистонда радикал ва террорчилик гуруҳлари фаоллашганидан ташвишда эканини билдирди. 

Бу ҳақда Вена шаҳридаги Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик бўйича Ташкилот иштирокчи давлатлари ташқи ишлар вазирлари Кенгаши йиғилишининг очилишида маълум қилинди, деб хабар бермоқда Тожикистон Республикаси ТИВ матбуот хизмати.

Вазирнинг маълум қилишича, “Афғонистонда йирик радикал кучларнинг ғалаёнлари, шунингдек ИШИД жангариларининг мамлакат шимолига қайтиши ҳам Тожикистон, ҳам ЕҲХТнинг жанубий чегаралари учун жиддий таҳдидга айланмоқда”.

Асловнинг таъкидлашича, “Тожикистон қўшни давлат сифатида Афғонистонда мустаҳкам тинчлик, сиёсий барқарорлик ва иқтисодий тикланишдан манфаатдордир”.

Бундан ташқари, Тожикистон ТИВ Афғонистонда “минтақавий савдо-иқтисодий интеграция жараёнига” алоқадор бўлишига умид билдирди.

Аввалроқ Афғонистоннинг Туркманистон билан чегарада жойлашган Жузжон шимолий вилоятида ИШИД террорчилик гуруҳи жангариларини ўқитишнинг яширин марказлари фаолият кўрсатаётгани, уларда тахминан 300 нафар ёшлар тайёргарликдан ўтаётгани хабар берилганди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид