Жамият | 21:10 / 23.12.2017
11004
2 дақиқада ўқилади

Хитойда ўрта синф АҚШ ва Япониядаги ўрта синфдан яхшироқ яшаётгани аниқланди

Фото: asia.nikkei.com

Хитойда ўрта синф ўз позицияларини босқичма-босқич кучайтирмоқда - бу гуруҳ вакилларининг 80 фоизи 5 йил аввалгидан яхшироқ яшашни бошлаганларини айтмоқдалар. Япония ва АҚШда ўрта синфнинг аҳволи, аксинча, ёмонлашган. Хитойликлар нафақат моддий фаровонликни сездилар, балки кийим-кечак ва гастрономияга ҳам қизиқа бошладилар.

Япониянинг Hakuhodo DY Holdings консалтинг компанияси ўрта синф вакиллари ўзларининг моддий ва маданий фаровонлигини қандай баҳолашларини аниқлади. Сўровномада Пекин, Шанхай ва Гуанчжоудан 900 хитойлик, Токио ва Осакадан 600 япониялик, Нью-Йорк ва Лос-Анжелесдан 600 америкалик иштирок этди. Хитойда йиллик даромад оилага 100 минг юанни (14 минг долларга яқин) ташкил қиладиган аҳоли ўрта синфга киритилди.

Тадқиқотнинг кўрсатишича, ўрта синфга тааллуқли 80 фоиз хитойликлар уларнинг аҳволи охирги 5 йилда яхшиланган, деб ҳисобламоқдалар. Япония ва АҚШда 40-50 фоиз респондентлар шундай фикрдалар.

Хитойликлар кўпроқ озиқ-овқат ва шопинг билан қизиқа бошлаганлар. Хитойда 96 фоиз, Япония ва АҚШда эса 50 фоиз респондентларни кийим-кечак қизиқтиради. Гастрономияга эса 98 фоиз хитойликлар қизиққан бир пайтда, японияликлар ва америкаликлар орасида бундайлар 70 фоизни ташкил қилмоқда.

Тадқиқот Хитойда ўрта синф озиқ-овқат маҳсулотларининг келиб чиқиши ва улар таркиби билан қизиқа бошлагани таъкидлаб ўтилган. Таҳлилчилар буни турмуш даражаси ортгани билан боғлашмоқда.

Economist Intelligence Unit прогнозига кўра, 2030 йилга келиб Хитойда киши бошига 2100 доллардан 10800 долларгача йиллик даромадга эга ўрта синф кўпчиликни ташкил қилади. Кам таъминланганлар улуши эса 11 фоизга камаяди. Ўрта синф вакилларининг кўпайиши саломатлик ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотларига талаб юқори бўлишига олиб келди. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид