Спорт | 20:05 / 08.02.2018
9889
2 дақиқада ўқилади

Япониялик спортчи қишки Олимпиадалар рекордчиси бўлди  

Фото: AP

Пёнгчангдаги Олимпиадада трамплиндан сакраш мусобақаларида иштирок этувчи япониялик Нориаки Касай қишки Олимпиадаларда иштирок этиш бўйича 1-ўринга чиқиб олди.

45 ёшли спортчи 8 февралда Олимпиада саралаш босқичида иштирокини бошлади. Жанубий Кореядаги Олимпиада спортчи учун фаолиятидаги саккизинчи қишки Олимпиада бўлди. Бунгача у рекордни россиялик чаначи Альберт Демченко билан бўлишаётганди. 7 та қишки Олимпиада иштирокчиси Демченко ҳозирда фаолиятини якунлаган.

Япониялик Олимпиадалардаги илк иштирокини 1992 йилда Франциядаги Альбервиллда бошлаган. У ўшанда медалсиз қолган, бироқ икки йилдан кейин Норвегиядаги Лилехаммерда жамоа таркибида кумуш медални қўлга киритган. У, шунингдек, 2014 йилги Олимпиадада индвидиуал мусобақада кумуш медаль, жамоавий мусобақада эса бронза медаль соҳиби бўлган. 

Касай саралаш босқичида 20-натижани кўрсатиб, финал босқичга чиқа олди.

Ёзги Олимпиадаларда иштирок бўйича канадалик Иан Миллар (от спорти) рекордчи ҳисобланади. У 10 та Олимпиадада иштирок этган.

2018 йилги Олимпиада расман эртага, 9 февралда старт олади. Илк медаллар 10 февралда ўйналади. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид