Ўзбекистон | 18:59 / 10.04.2018
6761
5 дақиқада ўқилади

Адлия вазирлигида республика юридик хизмат ходимлари билан семинар бўлиб ўтди

Адлия вазирлигининг ташаббуси билан юридик хизмат ходимлари билан амалий семинар ўтказилди. Семинарда Республика даражасидаги давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизмати раҳбарлари иштирок этди.

Фото: Адлия вазирлиги ахборот хизмати 

Ушбу семинарда юридик хизмат ходимларига навбатдаги мартаба даражалари тантанали тарзда топширилди.

Фото: Адлия вазирлиги ахборот хизмати 

Шунингдек, юридик хизмат касбига ёш ҳуқуқшуносларни жалб қилиш ва уларни қизиқтириш мақсадида Тошкент давлат юридик университетининг талабалари ҳам ушбу семинарга таклиф этилди.  

Бундан ташқари, семинарда юридик хизмат соҳасини тартибга солишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни амалда ижро этиш бўйича вазирлик томонидан бажарилган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Жумладан, бугунги кунда, давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматларида 5 100 та штат бирликлари мавжуд бўлиб, шундан
1750 та юридик хизмат штат бирликлари янги ташкил этилди.

Янги жорий этилган талаблардан яна бири, юридик хизмат ходимини адлия органлари билан келишган ҳолда лавозимга тайинланиши ва ундан озод этилиши, соҳага малакали кадрларни танлаш ҳамда уларни ишончли ҳимоя қилиш имконини бермоқда.

Хусусан, адлия органлари билан келишган ҳолда 1710 нафар малакали юридик хизмат ходимлари лавозимларга тайинланди.

Адлия вазирлиги томонидан юридик хизмат лавозимига биринчи марта тайинланган ёш кадрлар билан ишлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, уларни келажакда мукаммал, етук кадр бўлиб етишишларига кўмаклашилмоқда. Хусусан, 350 нафар ёш ходимлар адлия органларида стажировкадан ўтказилди.

Давлат органлари ва ташкилотларида кўрсатилаётган юридик хизмат фаолиятини сифатига ҳам алоҳида урғу берилиб, янги тартиб бўйича энди ҳар уч йилда ходимлар малакасини ошириши ва аттестациядан ўтишлари мажбур этиб белгиланди.

Бу борада Адлия вазирлиги томонидан юридик хизмат ходимларини малакасини ошириш бўйича ҳар бир ҳудудда сайёр ўқишлар ташкил этилди. Аввал ҳудудий давлат органлари в ташкилотларида хизмат қилаётган юридик хизмат ходимлари 300-1100 км йўл босиб, Тошкент шаҳрида малакасини оширишган. Энди бўлса, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш марказининг профессор-ўқитувчиларидан иборат гуруҳлар томонидан вилоятларда сайёр ўқиш ташкил этилиб, натижада давлат органлари ва ташкилотларининг 1165 нафар юридик хизмат ходимларини малакасини оширишга ва 750 нафарини аттестациядан ўтказилишига эришилди.

Фото: Адлия вазирлиги ахборот хизмати 

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, юридик хизмат ходимларининг моддий таъминоти даражасини ошириш ва соҳага амалий тажрибага эга юқори малакали кадрларни жалб қилиш мақсадида юридик хизмат ходимларига мартаба даражаларини бериш тартиби, узоқ муддат хизмат қилганлиги учун бериладиган ҳар ойлик устамалар тўланиши ҳамда судгача ва суд тартибида давлат органи ва ташкилоти фойдасига ҳал қилинган низолар юзасидан ҳар чоракда мукофотлаш тизими жорий этилди.

750 нафар юридик хизмат ходимларига мартаба даражалари берилиб, уларга 15 дан 18 фоизгача ҳамда кўп йиллик хизмати учун 5 дан 30 фоизгача миқдорда устама ҳақ тўланмоқда.

Шу билан бирга, юридик хизмат ишини тўлиқ ва самарали ташкил этиш учун ходимнинг иш жойини жиҳозлашга доир минимал талаблар белгиланди. Давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ушбу талабларга риоя этилаётганлик ҳолатлари доимий назоратга олиниб, 1635 нафар юридик хизмат ходимларига ишлаш учун етарли шароитлар яратилмаганлиги ҳолатлари аниқланиб, тегишли чоралар кўрилганидан сўнг, уларга хизмат вазифаларини бажариш учун етарли шароитлар яратиб берилди.

Эндиликда, юридик хизматдаги бўш иш ўринлари ҳақидаги маълумотлардан интернет орқали эркин фойдаланиш имконияти яратилди. Давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизматларида ишлаётган 4 000 нафар ходимларнинг маълумотлар базаси ҳам шакллантирилди.

Семинарда вазирликнинг Қонунчилик бош бошқармаси масъул ходимлари томонидан юридик хизмат ходимлари йўл қўяётган камчиликлар кўрсатиб берилди. Ҳуқуқ ижодкорлиги жараёнида эътибор берилиши лозим бўлган жиҳатларга тўхталиб ўтилди. Хусусан, идоравий норма ижодкорлиги соҳасида йўл қўйилган ҳуқуқбузарликлар учун 2017 йилнинг ноябрь ойидан бугунги кунга қадар вазирлик ва идораларнинг 11 мансабдор шахсига нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомалар расмийлаштирилиб, тегишли судларга материаллар юборилди. Келгусида бундай чоралардан тегишли хулоса қилмаган идораларнинг раҳбарларига нисбатан маъмурий жавобгарлик чораси қўлланиши ҳақида огоҳлантирилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид