Жаҳон | 09:49 / 10.04.2018
8045
2 дақиқада ўқилади

Си Цзиньпин Хитойнинг очиқлик сиёсати янги чораларини эълон қилади

Фото: REUTERS

Боаодаги Осиё иқтисодий форумининг асосий қисми сешанба куни Хитойнинг Хайнань оролида бошланади, унда, кутилишича, ХХР раиси Си Цзиньпин очилиш маросимидаги ўз нутқида мамлакатнинг ташқи дунёга очиқлигини кенгайтириш бўйича янги чоралар ҳақида эълон қилади. Бу Хитой Ғарбда кучайиб бораётган протекционистик кайфиятлар фонида иқтисодий глобаллашув жараёнларини қатъий қўллаб-қувватлаши исботига айланади.

Жорий йилда “Жаҳоннинг янада фаровонлиги учун очиқ ва инновацион Осиё” шиори остидаги форум расмий равишда 8-11 апрелда бўлиб ўтмоқда, бироқ Син Цзиньпин иштирок этадиган тантанали очилиш маросими сешанба куни эрталаб ўтказилади.

"2018 йилда ислоҳотлар ва очиқлик сиёсатига 40 йил тўлади. Раис Си Цзиньпин Хитойнинг ислоҳотлар ҳамда очиқлик сиёсати эришган муваффақиятлар, унинг амалга оширилиши, жаҳондаги ўрни ҳақида энг муҳим фикрни билдиради. Хитой бу сиёсатни қандай кенгайтириши ҳақида айтилади. Барча очиқлик ва ислоҳотлар сиёсатидаги қатор янги чоралардан хабардор этилади", - дея маълум қилган ХХР ТИВ раҳбари Ван И.

South China Morning Post газетасининг вазиятдан бохабар манбаларга асосан хабар беришича, Си Цзиньпин форумнинг очилиш маросимида Хитой бир нечта эркин савдо портларини ташкил этиш ниятида эканини эълон қилади. Портлар ҳам фаолият қоидалари ва асосий принципларини ишлаб чиқиш, ҳам бозорга чиқиш бўйича ҳозирги эркин савдо зоналаридан анча очиқроқ бўлади.

ХХР тижорат вазири собиқ ўринбосари Вэй Цзяньгонинг сўзларига кўра, Си Цзиньпин Хитойга АҚШ савдо протекционизми билан курашда ва ички иқтисодий ривожланиш мақсадларига эришишда ёрдам кўрсатувчи қатор муҳим чораларни эълон қилади.

 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид