Ўзбекистон | 22:55 / 11.04.2018
47783
2 дақиқада ўқилади

Жисмоний шахсларга ҳам такси хизматлари кўрсатиш ҳуқуқи берилади​

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ​"Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини янада қисқартириш ва соддалаштириш, шунингдек бизнес юритиш шароитларини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонни имзолади. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Telegram мессенжеридаги "Ҳуқуқий ахборот" каналида маълумот берилган. 

Мазкур фармон лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомиллари соҳасидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, улардан ўтишнинг соддалаштирилган механизмларини белгилашга қаратилган. Унда тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини расмийлаштириш ёндашувлари ва тамойиллари тубдан қайта кўриб чиқилган.

Унга кўра, 2018 йил 1 июндан:

- телекоммуникация тармоқларини лойиҳалаштириш, қуриш, фойдаланиш ва хизмат кўрсатиш, қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолиятни амалга ошириш, баҳолаш, ветеринария ва туризм фаолиятини амалга ошириш учун лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни олишда тақдим этиладиган ҳужжатлар сони қисқартирилмоқда;

- риэлторлик ташкилотлари учун устав капиталининг мажбурий миқдорига нисбатан қўйиладиган лицензион талаблар бекор қилинмоқда, олдиндан тўлов олмаган ҳолда риэлторлик хизматларини кўрсатиш имконияти берилмоқда;

- енгил автомобилга эга бўлган жисмоний шахсларга якка тартибдаги тадбиркор шаклида йўналишли такси сифатида йўловчиларни тижорат асосида ташиш ҳуқуқи берилмоқда;

- кўчма савдони амалга оширишга рухсатнома якка тартибдаги тадбиркорларга ҳам, рухсатнома амал қилиш муддатини ўн икки ойдан ортиқ бўлмаган муддатга бериш ҳуқуқи берилмоқда, битта рухсатнома билан бир нечта жойда кўчма савдони амалга оширишга рухсат берилмоқда.

Шу билан бирга Фармонда лицензияловчи орган лицензия бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш муддати давомида лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилмаса, лицензия даъвогарига кўрсатилган муддат ўтганидан сўнг аризада кўрсатилган фаолият турини амалга ошириш ҳуқуқи берилиши белгиланган.

Алишер Рузиохунов
Тайёрлаган Алишер Рузиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид