Жаҳон | 09:03 / 14.06.2018
5437
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Корея яриморолидаги ҳарбий машғулотлар тўхтатилишини расман эълон қилади – CNN

Фото: AP Photo/Ahn Young-joon

АҚШ ҳукумати 14 июнда Корея яриморолидаги қўшма ҳарбий машғулотлар тўхтатилишини расман эълон қилади. Бу ҳақда АҚШ маъмуриятидаги манбаларга иқтибос келтирган ҳолда CNN телеканали маълум қилди.    

Телеканал маълумотларига кўра, айни вақтда АҚШ мудофаа вазири Жеймс Мэттис ва АҚШ қуролли кучлари штаблари бошлиқлари қўмитаси раиси – генерал Жозеф Данфорд ҳарбийлар учун тегишли йўриқномаларни ишлаб чиқишмоқда. 

Дональд Трамп ва Ким Чен Иннинг Сингапурдаги учрашуви якунларига кўра қўшма ҳужжат имзоланган. Унга кўра, Шимолий Корея АҚШ томонидан хавфсизлик кафолати берилишига жавобан Корея яриморолини ядровий қуролсизлантиришни ўз зиммасига олади. Бундан ташқари, Трамп Жанубий Корея билан биргаликда ўтказилаётган ҳарбий машғулотларни тўхтатишга ваъда берган. Бироқ кейинроқ АҚШнинг Жанубий Кореядаги ҳарбий контингенти қўмондонлиги бу борада ҳеч қандай буйруқ олинмаганини маълум қилганди.   

CNN’нинг таъкидлашича, Трамп бу масалада Хитой раиси Си Цзиньпин таъсири остида ёнбосишга қарор қилган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид