Ўзбекистон | 07:35 / 27.07.2018
8392
3 дақиқада ўқилади

ТАТУда академик кредит тизими жорий этилиши нимани англатади?

Фото: LiveJournal

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Ҳукумат қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, Тошкент ахборот технологиялари университетида ва унинг филиалларида 2018-2019-ўқув йилидан бошлаб ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасида кадрлар тайёрлаш бўйича ўқитишнинг кредит тизими жорий этилди.

Академик кредит тизими нимани англатади?

Академик кредит тизими талабанинг олийгоҳда самарали билим олишини аниқлаб берувчи стандартлаштирилган баҳолаш тизими ҳисобланади. Айрим ҳолларда олийгоҳ ҳаётига эндигина қадам қўйган талабалар кредит тизими бўйича махсус курсни тамомлайди.

Тизимнинг энг оммабоп ва таниш шакли - ECTS (European credits) ва Semester credit hours (SCH) and quarter credits (American credits).​ Таълим даври мобайнида талаба кредитларни тўплайди, бунинг учун у курсларни муваффақиятли тамомлаши лозим.

Кредит тизимида талаба қандай баҳо олади?

Одатда курсни ташкил этган ўқитувчи талабаларнинг давомати, белгиланган тестларнинг натижаси, тадқиқот иши ва якуний ёзма ишига қараб умумий баҳони белгилайди.

Курслар турли қийинчиликлардан таркиб топгани ва талабанинг мутахассислигига қанчалик мос келишига қараб кредит баллари ҳам фарқланади. Масалан, кўп иш ва изланиш талаб этган курснинг кредит баҳоси ҳам катта бўлиши тайин.

Нега кредит тизими Ўзбекистон олийгоҳларига керак?

Ўқув жараёнига дунё олий ўқув юртларида кенг тарқалган ўқитишнинг кредит тизимини жорий қилиш орқали университетнининг жаҳоннинг нуфузли олий таълим муассасалари қаторига киришини таъминлаши мумкин.

Кредит тизими талабага қандай фойда беради?

Биринчидан, тўпланган кредит баҳолари ўзгармаслиги туфайли, у билан исталган мос олийгоҳга ўқишни кўчириб ўтиш қийин бўлмайди.

Иккинчидан, талабалар истагидан келиб чиққан ҳолда, фан танлаш имкониятига эга бўлади. Албатта, бу ўринда мажбурий ўрганилиши лозим бўлган фанлар ҳам бор, аммо талаба мустақил танлов фанларини белгилаши мумкин.

ўқитишнинг кредит тизимида талабанинг маълум ўқув курсини ўзлаштириш даражаси турли мезонлар асосида белгиланадиган маълум миқдордаги кредитлар суммасини йиғишига боғлиқ бўлади.

Алишер Рузиохунов
Тайёрлаган Алишер Рузиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид