Жамият | 18:37 / 25.08.2018
5056
2 дақиқада ўқилади

Кумуш тақинчоқларни чегарадан пайпоқ ичида олиб ўтишга уринишди

Хоразм вилояти божхона бошқармаси «Шовот» чегара божхона пости ходимлари қимматбаҳо металл ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик буюмларини ноқонуний ҳаракатланиши билан боғлиқ ҳуқуқбузарликни фош этишди.

Божхона қўмитаси матбуот хизмати берган хабарга кўра, «Шовот» чегара божхона постининг кириш йўналишида ҳаракатланаётган қўшни давлат фуқароси Ш.М бошқарувида бўлган «Toyota Corolla» русумли автомашина салонида бўлган пакет ичидаги буюмлар назорат рентген аппаратидан ўтказилганда, пакет ичидаги пайпоқлар орасида кумушдан ясалган аёллар тақинчоқлари борлиги аниқланди.

Ҳайдовчи ушбу тақинчоқлар ўзига тегишли эмаслигини, нотаниш шахснинг илтимосига биноан пайпоқларни олиб ўтаётгани, аммо уларнинг ичида тақинчоқ борлигини билмаслигини маълум қилган.

Божхона назоратидан яширилган кумуш металлдан ясалган жами оғирлиги 119 грамм бўлган аёллар кумуш тақинчоқлари ҳақиқатдан ҳайдовчига эмас, балки қўшни давлат фуқароси З.А. тегишли экани маълум бўлди.

Маълумот учун, айрим турдаги товарларнинг божхона тўловлари ундирилмасдан олиб кириш меъёрларига асосан, жисмоний шахслар ўзлари билан божхона чегараси орқали 65 граммгача бўлган қимматбаҳо тақинчоқларни божхона тўловларисиз олиб ўтишлари мумкин.

Шу сабабли, фуқаро З.Ага божхона назорати вақтида аниқланган аёллар тақинчоқларидан 65 грамми қайтариб берилди ва қолган 54 граммига қонуний чора кўриш учун ҳужжатлар расмийлаштирилди.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳузуридаги қимматбаҳо металлар агентлиги Давлат асиллик даражасини белгилаш палатасининг хулосасига кўра, ушбу аёллар тақинчоқлари кумуш тақинчоқлар деб топилди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид