Жаҳон | 09:14 / 07.09.2018
11455
1 дақиқада ўқилади

Мексикада 160 дан кўпроқ одам кўмилган оммавий қабристон топилди

Фото: AP

Мексика жанубидаги Веракрус штатида камида 166 киши кўмилган оммавий қабристон топилди.

Таъкидланишича, бу мамлакат тарихидаги энг йирик оммавий қабрлардан биридир. Тергов манфаати нуқтаи назаридан унинг аниқ жойи айтилмаган. Шуниси маълумки, полиция қабристонни гувоҳнинг кўрсатмаси бўйича аниқлаган. Қабрларга камида икки йил бўлган.

Полициянинг тахминича, қабрларга кўмилганлар сони ортиши мумкин: 32 та ўрада умумий ҳисобда 114 та шахсни тасдиқловчи ҳужжат топилган. Шунингдек, катта миқдорда кийим ва шахсий буюмлар аниқланган. Ҳозирда жасадлар ҳисоби бош суяклари бўйича олиб борилмоқда, чунки бу экспертизагача жасадлар сонини аниқлашнинг ягона усули ҳисобланади.

Веракрус штати Мексикадаги иккита йирик жиноий тўдалар – “Сетас” ва “Халиско” картелларининг тўқнашув майдони бўлган. Мексикада наркокартеллар ўз рақиблари ва қурбонлари жасадларини кўпинча шундай қабрларда яширадилар.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид