Жаҳон | 17:52 / 18.09.2018
17798
2 дақиқада ўқилади

Исроил Ил-20 ҳалокатида Сурия, Эрон ва «Ҳизбуллоҳ»ни айблади

Фото: AFP/ Jack Guez

Исроил Суриянинг Латакия вилоятида уриб туширилган Ил-20 самолёти ҳалокатида Сурия, Эрон ва «Ҳизбуллоҳ»ни айблади. Бу ҳақда Исроил армияси вакилларига таяниб РИА Новости хабар берди.

«Исроил мазкур ҳодиса учун ҳарбийлари Россия самолётини уриб туширган Асад режимини тўлиқ жавобгар деб ҳисоблайди. Исроил шунингдек, Эрон ва «Ҳизбуллоҳ» террорчилик ташкилотини ҳам жавобгар деб ҳисоблайди», —дейилади  Исроилнинг баёнотида.

Исроил томонининг билдиришича, мамлакат ҳарбий-ҳаво кучлари «Ҳизбуллоҳ» учун оммавий қирғин қуроллари ишлаб чиқарилаётган Сурия ҳарбийлари инфраструктураларига зарба берган. Сурия армияси ракета отган пайтда эса Исроил самолётлари аллақачон Исроил ҳудудида бўлган.

Шунингдек, Исроил томонининг таъкидлашича, Сурия ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари «тартибсиз» равишда ўт очган ва ҳавода Россия самолётлари йўқлигини текшириб кўрмаган.

Аввалроқ Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу «уриб туширилган Россия самолёти ва экипажнинг ўлими учун Исроил томони жавобгар»лигини билдирганди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид