Ўзбекистон | 12:50 / 18.09.2018
61856
11 дақиқада ўқилади

Ўшга қандай борганим ёхуд сабрсизлик ва навбатга туриш маданияти ҳақида

“Саҳар борган етар муродга”

Юмуш билан Қирғизистоннинг Ўш шаҳрига боришга тўғри келиб қолди. У тарафга йўли тушган танишлардан бориб-келиш тартиби ҳақида сўрадим. Уларнинг айтишларича, Андижон вилоятидаги “Дўстлик” чегара божхона пости орқали ўтиш унчалик ҳам кўп вақтни олмайди – “ўн беш дақиқага қолмай Ўшга ўтиб оласиз”, дейишди улар. Аммо Қорасув шаҳрида улгуржи бозор бўладиган сешанба ва шанба кунлари чегарадан ўтиш анчайин машаққатли бўлишини, тонг саҳар тўртда божхона постида бўлишим маъқуллигини, шунда бир зумда ўтишим мумкинлигини маслаҳат беришди.

Танишларнинг маслаҳатларига амал қилиб саҳар учда Андижоннинг Янгибозор ҳудуди яқинида жойлашган машиналар тураргоҳига етиб келдим. У ерда тўрт-бешта енгил машина турарди. Мени кўришлари билан ҳайдовчилар “Дўстлик”ками?” дея югуриб келишди. Улардан йўл кира неча пуллигини сўрайман. “Ўн беш минг сўм”, дейишади бир овоздан. Ҳайдовчилардан бири билан ўн мингга келишамиз ва у мени машинасига бошлаб боради. У “Ҳозир яна одам йиғиб келаман, сиз ўтириб туринг”, дея машина эшигини очади-да, ўзи югуриб ортига қайтиб кетади.

Тонгни “Дўстлик”да қарши олдим

Тахминан ярим соатларда машинамиз тўлди ва йўлга отландик. Соат 4.15да “Дўстлик”ка етиб келдик. Айтишганидек, пост гавжум эмасди – чамаси ўттиз нафар эркак-аёл ўтиш йўлаги олдида эркаклар бир тарафда, аёллар яна бир тарафда алоҳида сафларда навбатга тизилиб турарди. Болали аёллар, кексалар ва ногиронлар навбатсиз ўтишлари таҳсинга лойиқ. Ўзбекистон ва Қирғизистон чегара божхона постларидан ўтишга кўпи билан ярим соат вақт кетди.

Ҳар ерда ҳозир ҳайдовчилар ва валюта алмаштириш пунктлари

Чегарадан ўтишингиз билан ҳамма ерда бўлгани каби бу ерда ҳам сизни киракаш ҳайдовчилар кутиб олишади. “Қаерга борасиз?”, “Қорасувми?”, “Чиқишингиз билан кетамиз, бир одам кам” дея атрофингизни ўраб олишади.

Бу ерда эътиборимни жалб қилган нарса – валюта алмаштириш пунктларининг кўплиги бўлди. Кенг майдоннинг икки тарафида қатор тизилган валюта алмаштириш дўконлари. Пешлавҳаларга доллар, евро, ўзбек сўми ва қирғиз сомининг айни пайтдаги сотиб олиш ва сотиш нархлари ёзиб қўйилган. Дўконлардан биридаги сотувчига икки юз қирғиз соми кераклигини айтгандим, у бу 24 минг сўм бўлишини билдирди. Сўралган пулни узатдим ва 200 сомни олдим.

Ўтмишни ёдга солувчи Ўш

Йигирма қадамча юргач, маҳаллий аҳоли “бус” деб атайдиган микроавтобуслар тураргоҳига етиб келдим. Бу ерда “Мерседес”, “Фольксваген” ва яна бошқа машҳур компанияларда ишлаб чиқарилган микроавтобуслар йўловчи кутиб навбатда турарди. Ўш шаҳари ичида қатнайдиган микроавтобуслардан бирига чиқдим. Ҳайдовчи ортидаги тўсиққа монитор қадалган, лекин ўчиқ эди. Балки узоқроқ йўлга чиққанида бирор концерт ёки фильм кўрсатилар, бу менинг тахминим. “Жол акы” – йўл кира 10 сом (1200 сўм), мактаб ўқувчилари учун эса 1 сом экан. Тўрт-беш йўловчи ўтиргач, “бус” ўрнидан қўзғалди. Ойна ёнидаги ўриндиққа жойлашганча атрофни томоша қилиб кетяпман. Гўёки ўтмишга тушиб қолгандекман, бундан 30-35 йил илгари ўзимизда учратиш мумкин бўлган бинолар кўзга ташланади, транспорт қатнови гавжум бўлишига қарамасдан, светофор ва пиёдалар ўтиш чизиқлари (зебра) кам, машина бор-йўқлигига қараб йўлнинг исталган жойидан кесиб ўтиб кетаётганларга кўзингиз тушади. Шаҳар ичида ўртаси панжара ёки бетон билан ажратилган атиги битта кўчани кўрдим (балки ана шундай бошқа кўчаларга йўлим тушмагандир).

Ҳашаматли ёки европача услубдаги биноларни деярли учратмадим, ўтган асрда қурилган бинолар ўша қурилган пайтдаги кўринишида қолган. Йўлларда, асосан, Япония, Германияда ишлаб чиқарилган, лекин кўринишидан анча уриниб кетган машиналар юрибди, баъзи-баъзида ўзимизнинг “Ravon”лар ўтиб қолади.

Кўзни қувонтирадиган жиҳати шундаки, йўлнинг ҳар икки томонида баланд бўйли дарахтлар қатор тизилган. Кун иссиқ бўлишига қарамасдан, қалин дарахтларнинг сояси остида пиёда юргинг келади. Йўл бўйида, асосан, баланд ва йўғон чинорлар жойлашган бўлиб, аҳён-аҳёнда уларнинг остида одам бўйидан баландроқ бўлиб қолган арчаларни учратиш мумкин.

Ўш автовокзалида микроавтобусдан тушиб, автобусга чиқдим. Автобус ичи кенг, ўриндиқлари юмшоқ, йўл кира 8 сом экан. Ҳар бир тўхталган ва навбатдаги бекат номи эълон қилиб борилади. Йўл кира ҳақини автобусдан тушаётиб берасиз.

Чегаралар очилганидан мамнун ҳайдовчи

Соат бирларда мўлжаллаган ишларим битди, тушлик қилиб олгач, уйга қайтишга тараддудландим. Хилма-хил русумдаги таксилар тўпланиб турган жойга келиб, ҳайдовчидан “Дўстлик”кача неча пулга олиб бориб қўйишини сўрадим. “Юз сом берақолинг”, деди у. Тезроқ уйга қайтиш истаги ва чарчоқ туфайли у билан тортишиб ўтирмасдан таксига ўтирдим.

Менинг Ўзбекистондан эканлигимни билган таксичи Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара очилганидан мамнунлигини айтди. Қирғизистонда савдо жонлангани, қариндош-уруғлар бир-бирлари билан дийдорлашиш имкониятига эга бўлгани ҳақида хурсанд бўлиб гапирар экан, “сизлар биз томонга қанча кўп ва тез-тез ўтиб турсангиз, биз ўзимизни шунча эркин, суянчиғимиз бордек ҳис қиламиз”, деб қўшиб қўйди.

“Ўзим бўлай” тамойили

“Дўстлик” чегара божхона постига ҳам етиб келдик. Атроф катта-кичик сумкалар кўтарган эркак-аёллар билан тўлган. Қирғизистон томондаги ўтиш йўлагида эркак-аёл алоҳида қатор бўлиб тизилиб турибди. Эркакларга нисбатан аёллар сони тахминан икки бараварга кўпроқ. Постдан аёллар, болали аёллар ва кексалар тезроқ ўтиб кетмоқда. Аммо айрим аёлларда мана шу устунликка қарамасдан янада кўпроқ устунликка эга бўлиш, “ўзим бўлай” тамойили кучли ривожланган экан. Сабаби, икки қатор навбат ўртасидан олдинга юриб, навбатнинг бошига туриб олишга уринган аёллар ҳам пайдо бўлиб қолди. Одамларни галма-галдан божхона постига киритаётган қирғиз чегарачиси бу аёлларга ортга қайтиб навбатга туришларини айтди. Аммо аёллар эшитмаётганга олиб тураверишди. Шундан сўнг у фақат эркаклар ўтишини эълон қилди ва эркакларни ичкарига қўя бошлади. Бу эса самарасини берди ва навбатсиз ўтишга уринган аёллар ортларига қайтишга мажбур бўлишди.

“Аншлаг”

Ярим соатлардан сўнг нейтрал ҳудудга ўтиб, Ўзбекистон томонга ўтиладиган божхона-назорат масканига кириш дарвозаси олдига етиб келдик. Мана буни “аншлаг” деса бўлади. Бу ерда навбатга туришнинг имкони йўқ, чунки навбатнинг ўзи йўқ эди. Бир киши эмин-эркин ҳаракатланиши учун мўлжалланган йўлакда “икки ярим” киши (икки киши ва ичи тўла сумкалар) туриб олган. Ҳеч ким бир-бирига йўл беришни истамайди. Ҳамма “навбат билан бир текис турсак тезда ўтиб кетардик”, дейди, лекин ҳеч ким бу ишни бошлаб бермайди. На ҳарбийлар, на божхона ходимларига қулоқ солинади, на каттага, на кичикка йўл берилади.

Айниқса, қўлида юки бўлмаганларга қийин экан. Бир дақиқа ичида ўтиб кетиш мумкин бўлган ҳолатда юк билан йўлни тўсиб олганлар дастидан узоқ вақт туришга тўғри келаркан. “Ҳеч қандай юки бўлмаган фуқаролар учун алоҳида йўлак ташкил қилинса мақсадга мувофиқ бўларкан”, деб ўйладим бир четда турганча. Аммо ҳозирча ундай йўлак бўлмагани учун оломон ортига туришга мажбур бўлдим.

Ниҳоят, тахминан бир ярим соатларда паспорт назорати масканига киришга муваффақ бўлдим. Яхши, одамлар ичкарида ҳарҳолда тартиб билан тизилиб туришарди. Ўн беш дақиқалар ичида паспорт назоратидан ўтдим ва енгил нафас олганча ҳайдовчилар қуршовида автотураргоҳ томон қадам ташладим.

Навбатга туришни қачон ўрганамиз?

Мен юқорида айтиб ўтган манзарага илк бор дуч келганим йўқ. Афсуски, аэропортларда, вокзалларда, ташкилот ва идораларда, хуллас, навбатга туриш эҳтимоли бўлган барча жойда ана шундай ҳолатни кузатиш мумкин. Бошқаларникидан аввал бизнинг ишимиз ҳал бўлишини истаб шошамиз, бирор жойда навбатда тўрт кишидан ортиқ одам бўлдими, навбатга туриш ўрнига ўзимизни олдинга урамиз. Навбат билан бир неча дақиқа ичида ҳал бўладиган ишни ўзимиз узоққа чўзамиз, асабларимиз эговланади, зўриқамиз, чарчаймиз.

Хорижда бўлганимда айнан одамларнинг навбатга туриш маданияти мени энг ҳайратга солган ҳолатлардан бири бўлганди. Бекатда ўттиз чоғли одам бир-бирининг ортида узун саф ҳосил қилиб туришганини кўриб ҳайрон бўлиб ҳамроҳимга қараганимда у “булар автобус кутишяпти” дея кулиб қўйганди. Бундай ҳолатни кейинроқ супермаркетларда, музей ва театрларда, қисқаси навбат ҳосил бўлиши мумкин бўлган барча жойда учратдим.

Ҳеч қандай шовқин-сурон, турткилаш, бир-бирига гезариб қараш, сўкиниш деган нарса йўқ. Навбатда турганлар хоҳ тўрт киши, хоҳ эллик киши бўлсин, хотиржамлик ва сабр билан навбати келишини кутади.

Нега биз улардек бўлолмаймиз? Бизнинг улардек бўлолмаслигимизнинг сабаби нима? Худбинликми, бесабрликми ёки бошқалардан устунлигимизни кўрсатишга уринишми? Мана шу камчилигимиз боис навбатни айланиб ўтишга, ишимизни навбатсиз битириб берадиган “ҳожатбарор”ни қидиришга тушамиз, сабр билан ҳал бўладиган нарса учун пул узатишга тайёр турамиз. Бу эса айримлар учун айни муддао бўлади.

Балки биз ҳам сабр қилишни ўрганармиз?

Kun.uz журналисти Дилшод Асқаров

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид