Жаҳон | 07:48 / 15.10.2018
3027
2 дақиқада ўқилади

Мексиканинг янги президенти нефть соҳасини сақлаб қолишга ваъда берди

Фото: AP Photo / Marco Ugarte

Мексиканинг сайланган президенти, 1 декабрда ўз лавозимини бажаришга киришадиган Андрес Мануэль Лопес Обрадор ўз вақтида президент Ласаро Карденас амалга оширгандек, мамлакатнинг нефть соҳасини қутқариб қолишга ваъда берди.

1938 йил мартида собиқ президент Карденас нефтнинг миллийлаштирилиши ҳақидаги декретни имзолаган. Шу вақтдан бери деярли 80 йил давомида нефть фақатгина давлатга тегишли бўлган ва 2013 йилда ҳукумат томонидан амалга оширилган энергетика ислоҳотидан сўнг нефть соҳасига хусусий, жумладан хорижий компаниялар кира олган. 

“Биз кўпроқ нефть қазиб оламиз, энергетика ислоҳоти бошлангандан бери нефть ва газ ишлаб чиқариш ҳажми пасаймоқда. Нефть соҳаси генерал Карденас 1938 йилда қилганидек, қутқариб қолинади”, деб ёзган Обрадор твиттерда. Шу билан бирга у на хабарда, на нефть олинувчи Табаско вилояти аҳолиси билан мулоқот вақтида “миллийлаштириш” сўзини ишлатган.

Маълумотларга кўра, 2017 йилда Мексиканинг давлат нефть компанияси Pemex кунига ўртача 1,948 млн баррел нефть олган. 2018 йилда бу кўрсаткич йиллик ифодада 5,9 фоизга, яъни 1,816 млн баррелгача камайиб кетган. Охирги 6 йил давомида компаниянинг нефть олиш ҳажми 28 фоизга пасайган, ваҳоланки компания 2013 йилда 2,514 млн баррел нефть олган. 

Аввалроқ Обрадор унинг 6 йиллик президентлиги вақтида мамлакатда нефть олиш ҳажми кунига 2,5 млн баррелгача ошишига ваъда берган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид