Спорт | 21:10 / 19.10.2018
4238
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда Россия билан ҳамкорликда спорт мураббийлари тайёрланади

Ўзбекистонда Владимир Путин бошчилигидаги Россия Федерациясининг делегацияси ташрифи доирасида биринчи «Россия-Ўзбекистон таълим форуми» бўлиб ўтди.

Форум доирасидаги белгиланган дастурлар асосида Тошкентдаги Олимпия шон-шуҳрати музейида Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев билан Россиянинг П.Ф.Лесгафт номидаги жисмоний тарбия, спорт ва саломатлик миллий давлат университети ректори Сергей Бакулев учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Дастлаб Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев чет эллик меҳмон билан спорт соҳаси бўйича икки давлат ўртасида ҳамкорликни кучайтириш, қишки спорт турлари, спорт менежменти, психологияси бўйича тренерлар тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш соҳасида ўзаро тажриба алмашиш каби масалалар муҳокама қилди. Унга кўра, бир қатор муҳим йўналишлар бўйича ўзаро ҳамкорлик қилиш бўйича келишувга эришилди. Хусусан, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети билан ҳамкорликда қўшма диплом бериладиган факультет ва П.Ф.Лесгафт номидаги жисмоний тарбия, спорт ва саломатлик миллий давлат университетининг филиалини очиш бўйича келишувларга эришилди.

Шундан сўнг, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ва Россия давлат университети ўртасида ўзаро ҳамкорлик шартномаси имзоланди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги раҳбарияти, турли спорт турлари бўйича етакчи тренерлар ҳамда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия университетининг профессор ўқитувчилари иштирок этишди.

«Юртингизда президент Шавкат Мирзиёев томонидан жисмоний тарбия ва спорт ривожига қаратилаётган эътибор ҳозирда ўз натижасини бериб, ўзбек спортчилари жаҳон ареналарида юқори ўринларни эгаллашмоқда. Бизнинг университетда ҳам спортчи ва тренерлар тайёрлаш бўйича юқори малакали мутахассислар ва катта илмий тадқиқотлар мавжуд бўлиб, сиз билан ўзаро тажрибани ўртоқлашишга, ҳамкорлик қилишга тайёрмиз», деган Сергей Бакулев.

Учрашув кунида Бакулевга Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг Илмий Кенгаши қарори асосида «Фахрий профессор» унвонини берилди.

Кун давомида россиялик меҳмон пойтахтдаги бир қатор спорт иншоотлари ва таълим муассасалари фаолияти, спорт билан шуғулланиш учун яратилган шароитлар билан таништирилди.

Маълумот учун, Санкт-Петербург шаҳрида жойлашган П.Ф.Лесгафт номидаги жисмоний тарбия, спорт ва саломатлик миллий давлат университети нафақат Россияда балки жаҳонда ўз йўналиши бўйича етакчи олий таълим муассасаларидан бири ҳисобланади. 1896 йилда асос солинган университетда бугунги кунга қадар 1700дан ортиқ хизмат кўрсатган спорт усталари ва халқаро тоифадаги усталари тайёрланган. Университетнинг 300 нафардан ортиқ талабалари Европа ва жаҳон чемпионатларида ғолиб ва совриндор бўлишган. Университетда 400 нафарга яқин педагог ходимлар фаолият кўрсатиб, уларнинг 76 фоизи илмий даража ва унвонларга эга. Профессор ўқитувчилар орасидан олти нафари академик ва етти нафари турли илмий академиялар мухбир аъзоси, тўрт нафари Россия Федерациясида хизмат кўрсатган фан арбоби, қирқдан ортиғи фан доктори ва профессор, икки юздан ортиғи эса фан номзоди ва доцент ҳисобланади.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид